Гауди уйида яшовчи аёлнинг эътирофи
Ер юзи бўйлаб COVID-19 кенг тарқалиши оқибатида дунёнинг энг машҳур сайёҳлик ҳудудларида одатдаги иш ва кун тартиби мутлақо издан чиқиб кетган.
Ер юзи бўйлаб COVID-19 кенг тарқалиши оқибатида дунёнинг энг машҳур сайёҳлик ҳудудларида одатдаги иш ва кун тартиби мутлақо издан чиқиб кетган. Жумладан, Барселонадаги машҳур Гауди уйида яшовчи аёл эпидемия унинг ҳаётини тубдан ўзгартириб юборганини гапириб берди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри ёзган.
Ана Виладомиу, мана 30 йилдан ошибди-ки, нафақат Каталония, балки бутун Испаниянинг энг диққатга сазовор сайёҳлик манзилларидан бири саналган “La Pedrera” уйида истиқомат қилиб келади. Маълумки, бу уй машҳур модернист Антонио Гаудининг шедевр ижод намуналари қаторида тилга олинади. Пандемия бошланмасдан олдин мазкур объектни томоша қилиш учун кунига 3 мингдан зиёд сайёҳ ташриф буюрарди. Маҳаллий аҳоли эса ўз уйига кириш учун саноқсиз оломон орасидан туртиниб-суртиниб, зўрға ўтиб олишига тўғри келарди.
Жорий йил март ойида ушбу тарихий жойларга саёҳат тақиқлаб қўйилди. “La Pedrera” эшиклари ёпилди, мен эса худди қоровулдек яшаяпман, — дейди Виладомиу. — Энди бу ерда сокинлик, фақат менинг қадамларим товуши эшитилади".
Бошқа яна икки оила бинонинг нариги қисмида истиқомат қилади — уларни Виладомиудан лифт ва зинапоя ажратиб туради. "Мен учун энг ҳайратланарлиси, жим-житлик, — дея ўз туйғуларини изҳор қилади қўшни қиз Ана. — Шу ерда яшаб туриб, ҳеч қачон ўзимни ҳозиргидек ёлғиз ҳис этмагандим. Шовқинли ҳаётга шунчалик ўрганиб қолган эканман-ки... Энди эса ҳеч ким йўқ. Биргина тасалли бор – чиқиндиларни ташлаш учун пижамада ташқарига чиқиш мумкин".
Виладомиу танҳо сайр қилиб, чўяндан тикланган уй деворларига солинган бетакрор нақшларни томоша қилиш, ёрқин, чароғон ҳовлида баҳра олиш ўзига чексиз завқ улашаётганини таъкидлайди: "Ушбу манзаралар қийин онларда кишига далда беради, руҳан чўкмасликка ундайди".