Гаровдаги фуқароларни озод этиш муваффақиятли ўтди
Термиз туманидаги учқизил темир йўл бекатида махсус тактик-ўқув машғулоти бўлиб ўтди
Термиз туманидаги учқизил темир йўл бекатида махсус тактик-ўқув машғулоти бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий қисми шахсий таркиби томонидан Термиз туманидаги Учқизил темир йўл бекатида шартли террорчилар томонидан темир йўл транспортида гаровга олинган бир гуруҳ фуқароларни озод этиш бўйича махсус тактик-ўқув машғулоти ўтказилди.
Мазкур тадбир куч ва тузилмаларни ҳамкорликдаги режаларда белгиланган вазифаларни амалда тўлақонли бажариш, бўлинмаларнинг жипсликда ҳаракатланишини таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг билим ва амалий кўникмаларини янада такомиллаштириш, уларнинг ностандарт вазиятларда тўғри ва оқилона қарор қабул қилиш кўникмасини ошириш мақсадида ташкил этилди.
Вилоят ҳокимлиги, вилоят ДХХ, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Ёнғин хавфсизлиги, Темир йўл, Соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган ўқув машғулоти бўлинма ва шахсий таркибларни юқори даражадаги жанговар шайликка келтиришдан бошланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси бўлинмаларига тегишли ўқув-жанговар вазифалар юклатилгач, улар жанговар топшириқни тезкор бажариш учун белгиланган ҳудудга сафар юришини амалга оширди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий қисми командири, подполковник Д.Содиқов ҳамкорликдаги органлар билан биргаликда бажариладиган вазифаларга аниқлик киритиб, ҳаракатларни мувофиқлаштирди. Гаровга олинганларни озод этиш операциясини ўтказишга буйруқ берилди. Шундан сўнг, Миллий гвардиянинг махсус бўлинмалари гаровдагиларни темир йўл вагонини ишғол қилиш орқали озод этиб, шартли террорчилар зарарсизлантирилди.
Махсус-тактик машғулоти махсус бўлинмаларнинг жанговар шайлиги ва тезкор ҳаракатланиш борасидаги салоҳиятини кенг намоён этгани билан ҳам аҳамиятли бўлди.

