Гаров мулки аукционга чиқарилди
Сирдарё туманида кредит қарзини ўз вақтида тўламаган тадбиркорлик субъектига нисбатан гаров мулки ҳисобланган автомашина аукцион савдосига чиқарилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлими маълум қилди.
Маълумотларга кўра, қарздор масъулияти чекланган жамият “Халқ банки” акциядорлик тижорат банкидан олган 4,1 миллиард сўмлик кредит маблағини белгиланган муддатда қайтармаган. Суд қарорига асосан қарз мажбуриятини ундириш чоралари кўрилган.
Ижро ҳужжати МИБ нинг Сирдарё туман бўлими иш юритувига келиб тушгач, масъул ижрочилар қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаш учун белгиланган муддат берган. Бироқ қарздорлик бартараф этилмагани сабабли мажбурий ижро жараёнлари бошланган.
Натижада гаров мулки ҳисобланган “Malibu-2” русумли автомашина хатланиб, 205 миллион сўм бошланғич нархда “E-auksion” электрон савдо майдончаси орқали аукционга чиқарилди. Сотувдан тушган маблағ банк фойдасига йўналтирилиб, кредит қарзини қоплашга сарфланади.
Мажбурий ижро бюроси маълумотига кўра, тадбиркорлик субъектларига берилган кредитлар иқтисодий фаолликни ошириш ва ишлаб чиқаришни кенгайтиришга хизмат қилади. Шу боис, кредит маблағларидан мақсадли фойдаланиш ва уларни ўз вақтида қайтариш нафақат қарздорнинг, балки бутун тижорат муҳитининг молиявий барқарорлигини таъминлайди.
– Ҳар бир қарздор белгиланган шартномавий мажбуриятларга риоя этса, бундай чораларга эҳтиёж туғилмайди, – дейди Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё тумани бўлимининг бошлиғи Умиджон Мамарасулов. – Биз тадбиркорлар билан ҳамкорликда иш юритишга, масалани мулоқот йўли билан ҳал этишга интиламиз. Аммо ўз мажбуриятларини бажармаслик ҳолатларида қонун доирасида тегишли чоралар кўрилади.
Мутахассислар таъкидлашича, сўнгги йилларда тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш доирасида берилган имтиёзли кредитлар сони ортиб бораётган бўлса-да, айрим ҳолларда қарз интизомининг бузилиши банк тизими ва инвестиция муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли, масъулиятли қарз олиш маданиятини шакллантириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири