ГАП ЙЎҒИДА ГАП: ер остида нималар бўлаяпти ўзи?
Сўнгги 3-4 кунда пойтахт метрополитенида яна техник носозликлар юз бераётгани, маъмурият бундан аҳолини огоҳ этиб, ноқулайлик учун узр сўраган ҳоллари ижтимоий тармоқларда пайдо бўла бошлади.Бунинг ёмон жойи йўқ. Аммо кишини ўйлантириб қўядиган жиҳати – ер остида нималар бўлаяпти ўзи, деган савол...
Сўнгги йиллар, ойлар метро хизмати ҳақида кишини қувонтирадиган хабарлар гўё тўхтаб қолгандек ёки сиз эшитяпсизми?.. Ҳолбуки, янги – замонавий вагонлар келтирилди, бекатларда хизмат кўрсатаётган ходимлар сони ҳам олдинги йиллардагидан кўра кўпроқдек ҳатто. Хўш, муаммо нимада?.. Бугун метрополитен фаолияти билан боғлиқ нохушликлар кеча ёки бир-икки ой йўл қўйилган хато, эътиборсизлик мевасими?..
Анча йиллар бурун қўйдек ювош қўшним, бир умр метрополитенда ишлаб келаётган Толик (исми ўзгартилди) акани уйимиз биқинидаги боғ атрофида учратиб қолдим. Толик маст эди. Мен бунгача ва бундан кейин ҳам уни бу ҳолатда кўрмадим. Қарасам, доим ўзи билан ўзи бўлиб юрадиган қўшнимнинг дарди дил қилгиси бор.
– Байрамданми? – дедим, аҳволига ишора қилиб...
– Дўстимни кузатиб қайтяпман.
– Сўнгги манзилгами?..
– Шундай деса ҳам бўлади...
– Э эе...
Шунда табиатан оғир-босиқ Толик ака ёрилди. – Биласанми, деди, – ер остида ишлашнинг ўзи бўлмайди. Юзлаб йўловчиларнинг тақдири сени қўлингда бўлади. Сен эса ўз ишингни, касбингни беш қўлдек билишинг лозим. Мана, мен машинистман, агар метрополитен тизимининг ипидан игнасигача билмас эканман, машинистлигим бир тийин...
Бизга янги раҳбар келган. У кунда-кунора мажлис қилади ва бир гапни тўтидек такрорлайди: "Незаменимых людей нет... Билиб қўйинглар! Биз ҳеч кимни мажбурлаб ушлаб турганимиз йўқ. Одам керак бўлса, ана Чорсу, мардикор бозордан олиб келамиз..."
Ишонасанми, бу гаплардан ҳафсаласи пир бўлган қанча-қанча яхши мутахассислар кетиб қолди. Ҳеч ким нима бўлаяпти ўзи, демайди.
Бугун ҳам бир ҳамкасбимизни кузатиб келяпман. Санкт-Петербург метрополитенига ишга кетди. Унга яхши маош, бир йил оилавий ётоқхонада яшаш, кейин уй-жой билан таъминлашни ваъда қилишибди. Тажрибали мутахассисларимиз Москва, Қозон, Новосибирск, Санкт-Петербург каби шаҳарларга кетиб қолишяпти, тўғрироғи, уларни тайёр мутахассис сифатида ишга таклиф қилиб, олиб кетиб қолишяпти. Бизнинг бошлиқ бўлса, вазиятни ўнглаш ўрнига, ўша-ўша, "Незаменимых людей нет! Ана Чорсу бозори, керак бўлса..."дан нарига ўтмайди.
Биласанми, сен..., – Толик ака менга шундай боқдики, кўзлари жиққа ёш эди, – Бизда тайёр мутахассисларни кўкрагидан итариб турганда, бошқалар уларни қучоқ очиб кутиб олмоқда. Ахир ҳар қандай ишнинг, соҳанинг ривожи яхши, малакали мутахассис билан эмасми?.. Билмадим, бир неча йилдан кейин бу тизим нима бўларкин?!
Шу гапларни айта туриб, у менгами ёки ўша нобоп раҳбаригами бир қўл силкиди-ю, кета бошлади...
Орадан қанча сувлар оқиб ўтди. Қўшни бўлганимиз боис уни ёки ўзидан уч-тўрт ёш катта бўлган аёлини деярли ҳар кун кўраман. Самимий салом-алик қиламиз. Аммо, кўп йиллар бурун ўртамизда бўлиб ўтган гап – ёпилган қозон ёпиқлигича қолди...
Метрополитеннинг янги йўналишларини очишда иштирок этиб, тупроқ остида қолиб кетган мардикор йигитлар ҳақида ўйлаганимда, кўз ўнгимда Толик аканинг ўша ҳолати, мовий кўзларида ғилтиллаб турган ёшларни кўраман, йўловчиларни ер остида пўлат излар бўйлаб бекат томон пиёда саросима кетаётганларини ижтимоий тармоқларда кўриб қолганимда, эшиклари ёпилмасдан ҳаракатланиб кетаётган поезд ҳақида эшитганимда, бир поезд иккинчисига келиб урилгани оламга достон бўлганида, баъзида тиғиз вақтда ҳам оралиқ масофа 8-9 дақиқани ташкил этаётганига гувоҳ бўлганимда, йўлларда тез-тез техник носозликлар юз бера бошлаганда Толик ака билан бўлиб ўтган суҳбатимиз ёдга тушаверади.
Бир пайтлар экиб кетилган ниҳоллар бугун ўз мевасини бераётган бўлса-чи, дейман ва ҳушёр тортаман. Эътиборлироқ бўлайлик, бу меваларнинг аччиқ таъмини татиб кўриш исталган одамнинг ёки Тошкентга ташриф буюрган меҳмоннинг чекига тушиши мумкин.
А.Нарзуллоев, ЎзА