Ганьсуда табиий офат: қурбонлар бор
Хитойнинг шимоли-ғарбида жойлашган Ганьсу вилоятида кучли ёмғирлар ортидан юзага келган сел сайёҳлик масканида фожиага сабаб бўлди. Давлат оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотларга кўра, табиий офат оқибатида 10 киши ҳалок бўлган, 23 нафар фуқаро тан жароҳати олган. Қутқарув хизмати яна 174 кишини хавфсиз ҳудудга олиб чиққан.
Таъкидланишича, сел Динси шаҳрининг Шуаншимэнь қисмида содир бўлган. Қисқа вақт ичида ёққан жала оқибатида тоғдан келган сел оқими дам олаётган сайёҳларни қамал ҳолатда қолдирган. Бу ҳудуд табиий тош кўприклари, тоғ ўтлоқлари ва сойлари билан машҳур бўлиб, ёз мавсумида кўплаб сайёҳлар ташриф буюради.
Ҳодисада жабрланганлар дарҳол шифохоналарга етказилган. Маҳаллий ҳокимият қутқарув ишлари давом этаётганиин маълум қилди. Шу билан бирга, аҳолига уйдан чиқмаслик, расмий огоҳлантиришларга амал қилиш ҳамда хавфли ҳудудлардан узоқроқ туриш бўйича кўрсатмалар берилди.
Айни пайтда мамлакат жанубида ҳам ноқулай об-ҳаво кузатилмоқда. “Ноул” тўфони якшанба куни соҳилга етиб келгач, бир қатор ҳудудларда сел ва сув тошқини хавфи эълон қилинди. Гарчи Ганьсу вилояти тўфон йўналишидан анча узоқда жойлашган бўлса-да, кучли ёғингарчилик бу ерда ҳам оғир оқибатларни келтириб чиқарди.
Мусулмон Зиё, ЎзА