Гандбол: Тошкентда “Президент олимпиадаси” республика саралаш баҳслари бошланди
Бугун, 3 июль куни пойтахтимиздаги Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази мажмуасида гандбол бўйича ўғил болалар жамоалари ўртасида “Президент олимпиадаси”нинг финал ўйинлари олди саралаш мусобақаси бошланди.
Кеча мазкур ўйинлар олдидан мандат комиссиясининг йиғилиши ҳамда қуръа ташлаш маросимлари бўлиб ўтди.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон гандбол федерацияси бош котиби Исмоил Матхаликов жамоаларнинг раҳбар ва мураббийларини республика финал босқичи дастури, гуруҳ босқич баҳсларининг ўтказилиш тартиби, ҳакамлик, техник тамойиллари билан таништирди.

Қуръа натижаларига кўра, “А” гуруҳидан Хоразм ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри жамоалари жой олган вазиятда, “В” гуруҳида Фарғона, Навоий, Жиззах, “С” гуруҳида Андижон, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё, “Д” гуруҳида Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Наманган, Тошкент вилоятлари жамоалари куч синашадиган бўлди.

Бугун республика саралаш мусобақаларининг илк кунида Тошкент шаҳри – Самарқанд, Навоий-Жиззах, Андижон-Сурхондарё, Қорақалпоғистон Республикаси-Тошкент вилояти, Сирдарё-Қашқадарё, Бухоро-Наманган жамоалари тўқнаш келади.
Мусобақа дастурига мувофиқ 6 июлга қадар давом этадиган мусобақада гуруҳ босқичида муваффақиятга эришган энг кучли жамоалар кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритиш учун курашади.
Т.Рўзиев,
ЎзА