Гандбол бўйича мусобақанинг Республика босқичи ғолиблари аниқланди
“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида 17-30 ёшдагилар ўртасида гандбол бўйича мусобақанинг Республика босқичи якунланди.
Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва ёш авлодни оммавий спортга кенг жалб этиш борасидаги ислоҳотлар янги босқичга чиқди. Бунинг ёрқин исботи сифатида, «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида ўтказилган гандбол бўйича «Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси кубоги»нинг Республика босқичи юртимизда ҳақиқий спорт байрамига айланиб кетди.

Ҳудудий саралашларда минглаб тенгдошлари орасидан сараланиб, финал йўлланмасини қўлга киритган энг кучли маҳалла жамоалари Андижон ва Тошкент шаҳарларидаги муҳташам спорт мажмуаларида бош соврин учун майдонга тушди.
Ҳудудлардан саралаш босқичлари орқали йўлланма олган жамоалар Республика босқичида ғолиблик учун куч синашди. Қизлар баҳсларида Андижон вилояти, йигитлар ўртасидаги финал баҳсида эса Тошкент шаҳри жамоаси энг юқори натижани қайд этди.

Жумладан, қизлар жамоаси ўртасида 1-ўрин Андижон вилоятига, 2-ўрин Самарқанд вилоятига, 3-ўрин Навоий вилояти жамоаларига насиб қилди.
Йигитлар ўртасида 1-ўрин Тошкент шаҳри, 2-ўрин Фарғона вилояти ҳамда 3-ўрин Самарқанд вилояти жамоаларига берилди.

“Беш ташаббус олимпиадаси” ёшларни спортга жалб этиш, соғлом рақобат муҳитини яратиш ва янги иқтидорларни кашф этиш йўлида давом этмоқда. Ушбу мусобақа нафақат ғолибларни аниқлади, балки ўзбек гандболининг эртанги куни бўлмиш янги иқтидорларни кашф этиш учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА