Ғалвирни сувдан кўтарадиган пайт келди
Республикамиз пиллачилари бу йилги мавсумда 401,2 минг қути ипак қурти парваришлаб, 22,4 минг тонна хомашё етиштиришни мақсад қилишган. Айни кунларда ғалвирни сувдан кўтарадиган пайт келди: пилла мавсумининг сўнгги даҳаси бошланди.
Шу боис "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси махсус ишчи гуруҳлари ташкил этиб, ҳудудларда иш жараёнини мониторинг қилиб боряпти. Шунингдек, ҳудуд секторлари раҳбарлари ва масъуллар иштирокида хонадонма-хонадон юриб, пилла етиштириш билан боғлиқ муаммолар ўша жойнинг ўзида ҳал этиляпти.

Махсус ишчи гуруҳ аъзолари айни пайтда водий – Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида иш олиб бормоқда. Мониторинг натижалари ўша куннинг ўзида муҳокама қилиниб, тезкор чора-тадбирлар кўриляпти.
Хусусан, махсус ишчи гуруҳи аъзолари Фарғона туманидаги “Каптархона” ва “Навкат”, Қўштепа туманидаги “Чимкент” ва “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғинларида пилла етиштираётган касаначилар фаолияти билан яқиндан танишди. Айниқса, Тошлоқ туманидаги учрашув ҳар жиҳатдан самарали бўлди. Касаначилар билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида мавжуд шарт-шароит ўрганилди, пилла етиштирувчилар тут барги таъминоти бўйича ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди.

Уюшма раиси ўринбосари Ҳамид Очилов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи аъзолари Қувасой ва Данғара туманлари сектор раҳбарлари билан биргаликда пилла етиштириш мавсумида фаол иштирок этаётган хотин-қизлар билан учрашди. Фарғона туманидаги Оқбилол, Беҳизор, Найман маҳаллаларида пилла етиштираётган касаначилар фаолияти билан яқиндан танишди. Ёзёвон, Қўштепа туманининг Лангар ва Ғиштмон маҳаллаларида пилла етиштираётган касаначилар хонадонида ҳам бўлиб, уларга яратилган шароит ўрганилди.
Ипак қуртини ўз вақтида, эътибор билан парваришлаётган касаначилар рағбатлантирилди.

— Бу йил бир қути ипак қурти боқаяпман, — дейди Фарғона тумани “Найман” маҳалласидан касаначи Ҳулкарой Сайидова. — Ўтган йил ярим қути эди. Уч-тўрт йилдан бери пиллачиларга яхши эътибор беришяпти. Масъуллар шароитимиздан кунора хабар олиб туришибди. Ҳозир мавсумнинг сўнгги даҳасида турибмиз. Хирмон кўтарадиган пайт. Эътибор бериб қарамасак бўлмайди. Тутзорларимиз етарли. Тутзор ичидаги бўш ерга экин экиб, йилига икки марта ҳосил оляпмиз. Оиламизга қўшимча даромад бўляпти.
И.Нусратов, ЎзА