Ғаллани кузги озиқлантириш ишлари давом этмоқда
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ғалладан юқори дон ҳосили етиштиришда азотли ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш катта аҳамиятга эга бўлиб, кузги буғдой ривожланишининг дастлабки фазасидан бошлаб, деярли барча фазасида азотга эҳтиёж сезади.
Бугунги кунда Тошкент вилоятида 103 минг 845 гектар майдонда кузги бошоқли дон ҳосили экилган бўлиб, ҳозир экилган ғалладан кутилаётган ҳосилни олиш мақсадида ғаллани биринчи озиқлантириш ишларига тайёргарлик кўриляпти. Яъни экилган ғалла майдонларини маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш учун хандақ қазиш ва янги буғдойзорлар учун зарур бўлган азотли ўғитлар захираси яратилмоқда.
Хусусан, шу пайтгача Оққўрғон туманида 848 дона, Бўка туманида 493 дона, Ўрта Чирчиқ туманида 400 дона, Янгийўл туманида 324 дона ва Қуйи Чирчиқ туманида 303 дона хандақ қазиш ишлари амалга оширилган. Маҳаллий ўғит жамғариш ишлари Ўрта Чирчиқда 8 минг тонна, Қуйи Чирчиқда 3 минг 456 тонна, Оҳангаронда 2 минг 455 тонна, Оққўрғонда 1 минг 423 тонна, Чинозда 1 минг 293 тонна маҳаллий ўғит жамғариш ишлари бажарилди.
Бундан ташқари, вилоятдаги мавжуд ғаллачилик кластерлари томонидан азотли минерал ўғитлар захирасини яратиш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу ишларнинг ўз вақтида сифатли агротехник талабларга риоя қилган ҳолда бажарилиши юзасидан Агроинспекциянинг вилоят бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари томонидан доимий назорат ўрнатилган. Соҳада камчиликка йўл қўйган тегишли ташкилот, ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликларига таъсир чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, аниқланган камчиликлар юзасидан туман ҳокимликларига 14 та тақдимнома, кластерларга 3 та ёзма кўрсатма ва фермер хўжаликларига 11 та огоҳлантиришлар берилди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича назорат ишлари олиб борилмоқда.
Элдор Зиёдуллаев,
Агроинспекциянинг Тошкент вилояти
бошқармаси катта инспектори