Ғаллакор тўккан тер мўл хирмонга айланди
Сайхунобод тумани фермер ва деҳқонлари 2026 йилги ғалла мавсумини юқори натижалар билан якунламоқда. Миришкорлар давлатга ғалла топшириш бўйича белгиланган шартномавий режани ортиғи билан бажариб, қабул пунктларига 30 минг тоннадан зиёд сифатли дон етказиб бердилар.
Жорий мавсумда тумандаги 317 та фермер хўжалиги томонидан 10 минг гектардан ортиқ майдонда парваришланган ғаллазорлардан мўл ҳосил олинди. Натижада қабул пунктларига 30 минг 220 тоннадан зиёд сифатли дон топширилди. Ўртача ҳосилдорлик гектарига 40 центнерни ташкил этди.
Айниқса, “Абдураҳим”, “Ҳолмурод ўғли Бобомурод”, “Қўзибой”, “Йўлдош Нуриддин ҳамкор”, “Шукроналик мўъжизаси”, “Фориш Нурота тоғлари” каби илғор фермер хўжаликлари ҳар гектардан 95–100 центнердан ҳосил олиб, юқори самарадорлик намунасини кўрсатди. Уларнинг ютуғи туманнинг умумий натижаларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, Янгиобод қишлоқ хўжалиги ҳудудида фаолият юритаётган фермер хўжаликлари мавсумнинг дастлабки кунлариданоқ уюшқоқлик ва масъулият билан меҳнат қилиб, давлатга ғалла топшириш бўйича белгиланган режани биринчи бўлиб бажардилар. Ҳудуддаги 65 та фермер хўжалиги ҳар гектардан ўртача 80–85 центнердан ҳосил олишга эришди. Натижада давлат хариди учун белгиланган 6 минг тонна ғалла режаси тўлиқ бажарилиб, мўл хирмон яратилди.
Бу натижалар тасодифий эмас. Ерга ўз вақтида ишлов бериш, юқори репродукцияли уруғлардан фойдаланиш, минерал ўғитлар ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда ҳамда сифатли амалга ошириш ҳосилдорликнинг ошишига хизмат қилди.
Ғалла ўрим-йиғим ишларини қисқа муддатларда ва сифатли ташкил этиш мақсадида туманда 20 та махсус отряд шакллантирилди. Улар таркибига 40 та замонавий ғалла ўриш комбайни, 110 та юк ташиш техникаси, юзлаб тажрибали механизаторлар ҳамда соҳа мутахассислари жалб этилди. Бу эса ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш, ташиш ва қабул пунктларига ўз вақтида етказиб бериш имконини яратди.

– Бугунги ютуқ замирида давлатимиз томонидан фермерларга яратилган имкониятлар, соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва, албатта, миришкорларимизнинг фидокорона меҳнати мужассам, – дейди Сайхунобод тумани ҳокими Комилжон Муллажонов. — Бу натижа ҳар бир гектар ер учун олиб борилган изчил меҳнат, масъулият ва агротехник талабларга қатъий амал қилинганининг амалий самарасидир.

Юксак хирмон ортида катта меҳнат, сабр-тоқат ва юксак масъулият мужассам. Далаларда етиштирилган бу баракали ҳосил нафақат иқтисодий кўрсаткич, балки меҳнаткаш инсонларнинг заҳмати, юрт равнақи ва халқ дастурхони тўкинлигига қўшилаётган муносиб ҳиссанинг ёрқин ифодаси бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири