Ғалла ўрими уюшқоқлик билан давом этмоқда
Бу йилги ноқулай об-ҳаво шароитига қарамай қашқадарёлик миришкор деҳқонлар ҳам ғалла етиштириш режасини ортиғи билан бажармоқда.
Хусусан, вилоятнинг Чироқчи тумани ғаллакорлари 4 минг 872 гектардан ортиқ майдонда ғалла етиштирди ва гектаридан 50 центнердан 70 центнерга мўл ҳосил етиштирди.

Шу кунларда етиштирилган ғаллани нест-нобуд қилмай йиғиб олиш, ўрим-йиғим мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш долзарб вазифалардан бирига айланган. Шу мақсадда туманда ғалла ўрим-йиғимига тайёргарлик ишлари якуний паллага кирган. Хусусан, ғалла майдонлари, донни қайта ишлаш ва қабул қилиш корхоналари ҳамда ўрим комбайнларининг мавсумга шайлиги доимий назоратга олиниб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилди.

Туманда ғалла ўримига жалб этиладиган 14 комбайн ва 80 та дон ташишга мўлжалланган транспорт воситалари текширувдан ўтказилиб, мавсумга шай ҳолатга келтирилиб, уюшқоқлик билан меҳнат қилмоқда.

Ғалла мавсумида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишларининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида кўплаб панно ва шиорлар тайёрланиб, йўл четлари ҳамда гавжум жойларга ўрнатилиши белгиланди.
Ўлмас Баротов, ЎзА.