Ғалла майдонларида агротехник тадбирлар олиб борилмоқда
Кўпни кўрган тажрибали деҳқон-у фермерлар ғалла парваришида ҳар бир агротехник тадбир ўз вақтида бажарилсагина келгуси йилда кўзланган ҳосилни олиш мумкин, деб ҳисоблайди. Шу боис қишнинг совуқ кунларига қарамасдан улар асосий ғалла майдонларида эрта баҳорда “шарбат”билан суғориш учун гектарига 3 тоннадан маҳаллий ўғит жамғариш ва ғалла майдонларида сув кириш қисмининг ҳар 5 гектарига мўлжаллаб шарбат хандақлар қазиб, маҳаллий ўғит билан тўлдирмоқда.
Вилоятда 2023 йил ҳосили учун 39 минг 657 гектар майдонга ғалла экилган бўлиб, айни пайтда 12 минг 951 гектар майдонда экилган дон тўплаш фазаларида ривожланмоқда.
Ғалланинг яхши ўсиши ва ҳосилдорлик мўл бўлишида маҳаллий ўғит билан суғоришнинг аҳамияти катта. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари томонидан маҳаллий ўғит жамғариш ва хандақлар қазилиши юзасидан профилактик, назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Шу кунга қадар вилоят бўйича ғалла майдонларига 23 минг 449 тонна маҳаллий ўғит чиқарилди. Шунингдек, ҳар 5 гектарга биттадан, жами 1 минг 279 дона хандақ қазилиб, 553 тонна азотли минерал ўғит захираси яратилди.
Навоий вилояти Қизилтепа туманида ҳар йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан мўл ҳосил олинади. Жорий йилда қизилтепалик фермерлар 10 минг 224 гектар майдондан 21 минг тоннадан зиёд дон йиғиштириб олди. Келгуси йилда ҳам улар ғаллачиликда юқори натижаларга эришиш мақсадида 10 минг 972 гектар майдонга ғалла эккан. Ҳозирда 2 минг 795 гектари ривожланиш фазасида бўлиб, 4 минг 800 тонна маҳаллий ўғит жамғарилди, 373 та шарбат хандақлар қазилди.
– Туманда 200 дан ортиқ ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари мавжуд, – дейди “Ўзагроинспекция” Қизилтепа туман бўлими катта инспектори Олим Атавуллаев. – Ҳудудлар кесимида ҳар бир фермер хўжалиги раҳбарлари билан агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш юзасидан учрашувлар ўтказиб келяпмиз. Бундан ташқари, ўтказилаётган назорат тадбирларимизда ғалла парваришидаги камчиликларни бартараф этилиши юзасидан 147 та огоҳлантириш хатлари ва 85 та ёзма кўрсатма берилди.
– Келгуси йил ҳосили учун 33 гектарга кузги дон экканмиз, – дейди “Омад ва ишонч” фермер хўжалиги раҳбари Фурқат Жумаев. – Хўжалигимизда маҳаллий ўғит жамғариш ва хандақ қазиш ишлари тўлиқ бажарилди. Ҳозирда ариқ ва зовурлар тозаланяпти.
Албатта, бугунги ҳаракат эртага ўз натижасини беради. Фермер хўжаликларида ғалла парваришига оид агротехник тадбирларнинг ўз вақтида бажарилиши эса мўл ҳосил олинишига замин яратади.
А.Бўриев, ЎзА