Ғалаба қувончи ва талабалик шукуҳи: "Долзарб 90 кун" якуни "Талабаликка бағишлов" билан уйғунлашди
10 сентябр куни "Ёшлар" боғида "Долзарб 90 кун" лойиҳаси доирасида ташкил этилган спорт мусобақаларининг ғолибларини тақдирлаш маросими ҳамда Қўқон давлат университетининг янги ўқув йилига бағишланган "Талабаликка бағишлов" бадиий кечаси бўлиб ўтди.
Тадбирда Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов, университет ректори Дилноза Ходжаева, профессор-ўқитувчилар, ОАВ вакиллари, талаба-ёшлар ҳамда шаҳар жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.

Тадбирни шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов ва университет ректори Дилноза Ходжаева очиб бериб, ёшларни самимий қутладилар. Шундан сўнг, "Долзарб 90 кун" лойиҳаси спорт мусобақалари ғолибларини тақдирлаш маросими б ўлиб ўтди. 10 минг нафардан зиёд ёш иштирок этган лойиҳа якунларига кўра, спортнинг турли йўналишларида муносиб натижа қайд этган 132 нафар ёш ғолиб ва совриндор сифатида эътироф этилди.

Тадбир давомида Қўқон давлат университетининг янги қабул қилинган 1-босқич талабалари тантанали равишда талабалик қасамёдини қабул қилдилар. Бу онлар ёшлар ҳаётидаги янги, масъулиятли ва унутилмас босқичнинг бошланиши бўлди. Тадбир доирасида Чехиянинг Европа амалий фанлар ва менежмент институти билан ҳамкорликда амалга оширилаётган қўшма таълим дастури доирасида битирувчи магистрларга ҳам дипломлар топширилди.
Кечада таниқли эстрада хонандалари, сўз усталари, опера ижрочилари ҳамда иқтидорли талабалар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, рақслар ва саҳна чиқишлари йиғилганларга байрамона кайфият улашди.

Спорт мусобақалари ғолибларини тақдирлаш маросими билан "Талабаликка бағишлов" кечасининг бир майдонда ўтказилгани эса таълим ва спортнинг ёшлар ҳаётидаги ўзаро уйғунлигини яққол намоён этди.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА