Футзал: ёшлар терма жамоамиз янги мавсум олдидан йиғинга киришди
Ўзбекистон футбол ассоциациясига қарашли Терма жамоалар маркази спорт залида футзал бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг янги мавсум олдидан илк ўқув-машғулот йиғини бошланди.
Ўтган мавсумда мамлакат биринчилиги ҳамда ЎФФ Президенти кубоги баҳсларида иштирок этган, шунингдек, Олий лига клублари сафида ўз иқтидорларини намоён этган ёш футзалчилар ушбу йиғинга жалб этилди.
Бош мураббий Нодир Элибоев бошчилигидаги мураббийлар штаби қўл остида футзалчилар кунига икки маҳалдан машғулотларда иштирок этмоқда.

– Ёшлар билан тез-тез йиғинлар ўтказиб туриш уларнинг ўйин амалиётини сақлаб қолиш ва жамоавий боғланмаларни мустаҳкамлаш учун жуда зарур. Ҳозир эгалланаётган футзал сир-асрорлари терма жамоамиз футболчиларининг маҳоратини янада сайқаллаб, келгусида юқори чўққиларни забт этишларига хизмат қилади. Зеро, айнан мана шу ёшлар мамлакат миллий терма жамоасининг эртанги куни ҳисобланади. Қолаверса, йил охирида футзалчиларимизни бир қатор масъулиятли мусобақалар кутиб турибди. Шу боис, турли комбинация ва жамоавий боғланмаларни имкон борида мустаҳкамлаб олишимиз керак, — дейди Нодир Элибоев.
Йиғин 5 августга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА