Фурқатда омилкор оилалар кўпаймоқда
Мамлакатимизда экин ер майдонлари ва томорқадан унумли фойдаланиш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда, одамларнинг бу бўйича қарашлари ҳам ўзгармоқда. Зотан ерга эгалик замирида уни самарали тасарруф этиш мужассам, томорқа хўжаликларидаги ҳар қарич ернинг-да ҳисоби, уволи бор.
Фарғона вилояти Фурқат тумани кейинги йилларда аграр тумандан саноат ҳудудига айланиб бормоқда. Шундай бўлса-да, мавжуд экин майдонларидан, томорқалардан унумли фойдаланиш, янги ташаббусларни амалга оширишда талай ишлар қилинмоқда.

Жумладан, туманнинг “Ардахшон”, “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинларида иссиқхона хўжалиги кенг йўлга қўйилмоқда. Ҳудуддаги аҳоли томонидан ҳам, миришкор деҳқонлар ва тадбиркорлар томонидан ҳам иссиқхоналар ташкил қилиниб, эртаки маҳсулотлар етиштирилмоқда, бозорлар тўкинлиги таъминланмоқда. Бу борада “Гранд агрофирма” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган ишлар таҳсинга сазовор.
– Бундан уч йил аввал банк балансидаги ерга эътибор қаратдик. Анчайин муаммоли, қаровсиз ҳолга келиб қолган 8 гектар ер майдони учун талабгорлар саралаб олинди ва энг муносиб деб топилган тадбиркорларга ушбу ер майдонини бириктириб бердик. Албатта, маълум шартлар билан, – дейди туман ҳокими Жаҳонгир Жуманов. – Адашмаган эканмиз, ўтган вақт мобайнида ер ўз эгасини топганига ишонч ҳосил қилдик. Бугунги кунда бу ерда барчаси намунали ташкил қилинган, туман ёшларини доимий иш ўрни билан банд қилишда ҳам ўрнак бўлишяпти.

Ардахшон маҳалласи ҳудудидаги олти гектар майдонда барпо этилган иссиқхонада парвариш қилинаётган помидор пайкали айни кунларда авжи ҳосилга кирган. Эътиборлиси, помидор кўчатлари шу ернинг ўзида етиштирилган.
– Дастлаб тупроқ ва иқлим шароитига мос нав танлашга киришдик. “Алания” навли помидор ҳосилдорлиги, эртапишарлиги ва касалликларга чидамлилиги билан бошқа навлардан ажралиб туради. Ўтган йиллари шу навни парваришлаб яхши ҳосил олдик. 200 минг туп экканмиз. Яқин кунларда биринчи ҳосилни йиғиштириб оламиз, – дейди масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ҳаётжон Қурбонов.

Унинг айтишича, ички бозордан ташқари, ҳосилнинг асосий қисми хорижга экспорт қилинади. Россиялик ҳамкорлар билан шартномалар ҳам тузилган. Ҳар бир тупидан ўртача 7-8 килодан помидор ҳосили йиғиштириб олинмоқда. Даромад ҳам шунга яраша.
1,5 гектар майдондаги иссиқхонада эса “Орзу” навли бодринг парваришланмоқда. Шу кунларда тадбиркор Бахтиёр Парпиевнинг қўли-қўлига тегмайди. Дастлабки ҳосил вилоятдаги савдо марказлари ва бозорларга пешма-пеш етказиб бериляпти.
“Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида 510 та хонадон мавжуд, табиийки, шунча томорқа ҳам. Маҳалла мутасаддиларининг томорқадан самарали фойдаланиш бўйича саъй-ҳаракати, эзгу ишга ундови ўз натижасини кўрсатмоқда. Аввалига унча рўйхушлик бермаган фуқаролар бугун иссиқхона хўжалигининг фойдасини билиб қолган. Кеч куз дейсизми, эрта баҳор дейсизми – бу ерда бозоргир қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади, пешма-пеш бозор расталаридан ўрин олади. Ёш томорқачи Ойбек Умаралиев 30 сотихлик иссиқхона ташкил қилган пешқадамлардан. У етиштирган редиска, бодринг, помидор, кўкатлар учун харидорларнинг кети узилмайди. Бир йилда уч марта ҳосил етиштираётган миришкор деҳқонларнинг турмуш шароити ҳам юксалган.

“Астойдил меҳнат қилинса, бир сотих майдондан 5-6 миллион сўм соф даромад қилиш мумкин”, дейди Ойбек.
– Маҳалламиз аҳли меҳнаткаш. Уларга етарли шарт-шароит яратиб бериш ҳаракатидамиз. Биргина “Темирйўлчилар” кўчасида 14 та хонадонда иссиқхона бор. Улар сафи йил сайин кенгайиб бормоқда. Чорвачилик, ҳунармандчиликдан ташқари, иссиқхона хўжалиги асосий драйверга айланиб улгурди, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Шуҳратжон Ҳакимов.–Ишсиз ёшлар бандлигини таъминлашда ҳам бу соҳа қўл келмоқда. Иссиқхона ташкил қилиш учун субсидия ва имтиёзли кредитлар олиб бериляпти.

Бир сўз билан айтганда, Фурқатда бугун бекорчи одамни топиш амри маҳол. Янгиликка интилиш, оилалар фаровонлигини таъминлаш, ёшларнинг касбу ҳунар эгаллаши йўлида тиним билмай изланаётган масъуллар ҳаракати таҳсинга сазовор. Ёғоч ўймакорлиги, бешикчилик, сандиқ-жавон ясаш, темирчилик, янги соҳа ҳисобланган қўзиқорин етиштириш сингари йўналишларда ҳам бирмунча ютуқларга эришилмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири