Фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди
Шартнома деганда, аввало, нафақат юридик факт, балки моддий, номоддий манфаатлар тўғрисидаги ҳуқуқий муносабат, томонларнинг ўзаро келишувини акс эттирувчи ҳужжат тушунилади. Демак, хўжалик юритувчи субъектлар ёки тадбиркорлик фаолиятини юритувчи фуқаролар ўртасидаги муносабатлар қонунлар билан бир қаторда шартномалар орқали ҳам тартибга солинади.
Шартноманинг мукаммаллиги унинг тарафлар манфаатлари доирасида эканлиги, амалдаги қонун ҳужжатларга мувофиқ келиши, юридик жиҳатдан мустаҳкам ҳимояга эга бўлишига боғлиқ. Шунингдек, томонлар ўртасида тузилган шартнома шартларининг бажарилиши муҳим ҳисобланади. Агарда шартнома шартлари ўз вақтида бажарилмаса-чи?
Айрим тадбиркорлар томонидан тузилган шартнома бўйича мажбуриятларни бажармаслик ҳолатларига йўл қўйилмоқда.
Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят судининг 2021 йил 3 февралдаги ва Учқудуқ туман судининг 2021 йил 10 мартдаги “Учқудуқ қимиз” МЧЖга нисбатан шартномага етказилган зарарни ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатларига асосан, фуқаро Э.Усмонов фойдасига қарийб 27 миллион 767 минг сўм, И.Бахронова ва М.Хапизов фойдасига қарийб 29 миллион 323 минг сўм, А.Примов фойдасига 36 миллион 108 минг сўм ва А.Холов фойдасига 33 миллион 722 сўм ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжатлари бюронинг Учқудуқ туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарор нусхалари томонларга юборилган.
Ҳужжат бўйича қарздорликни ундириш мақсадида қарздор “Учқудуқ-қимиз” МЧЖга тегишли давлат рақами 85 410 ZAA автобус борлиги аниқланиб, ушбу транспорт воситасини топиш имкони бўлмаганлиги сабабли 2021 йил 14 октябрда қидирув эълон қилинган эди. Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида автобус топилиб, жарима майдончасига келтирилди ва мавжуд қарздорлик суммалари тўлиқ ундирилиб, 5 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Абдували Бўриев, ЎзА