Фуқароларнинг 79,5 миллион сўм иш ҳақлари ундириб берилди
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамланган.
Меҳнат кодексига кўра, иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу кодексда кўрсатилган муддатларда тўлаши шартлиги, меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланиши ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги кўрсатилган.
Бироқ айрим иш берувчилар ишчи-ходимларнинг иш ҳақларини ўз вақтида бермаслиги оқибатида ишчи-ходимларнинг ҳуқуқлари бузилади.
Бундай ҳолларда судлар томонидан ишчи-ходимларнинг иш ҳақларини ундириш тўғрисида қонуний қарорлар қабул қилиниб, ижросини таъминлаш Мажбурий бюро органлари зиммасига юклатилади.
Бюро органлари иш юритувидаги иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш ҳақидаги суд қарорлари ижросини таъминлаш доимий назорат олинган.
Жумладан, ФИБ Фарғона туманлараро судининг 2024 йил 22 январдаги қарорига асосан қарздор "R.N.” УК дан даъвогарлар Ш.И., О.Н. va М.Д.лар фойдасига жами 79.495.111 сўм иш ҳақи ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати Бюронинг Фарғона шаҳар бўлими томонидан ижрога қаратилиб, қарздорга ихтиёрий муддат берилган.
Қарздор суд қарори ижросини таъминлаш чорасини кўрмагач, Бюро томонидан олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида 2024 йилнинг 24 июль куни қарздордан 79.495.111 сўм ишчиларнинг ойлик иш ҳақлари ундирилиб, банк пластик карталарига ўтказиб берилиши таъминланди. Шундай қилиб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди ва ижро иши амалда тамомланди.
ЎзА