Фуқаролар учун шахсий қабул ўтказилди
Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасида Тошкент шаҳар ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Азизхон Шавкатов иштирокида фуқаролар учун шахсий қабул бўлиб ўтди.
Қабул давомида мурожаатчилар томонидан туризм соҳасида фаолият юритиш учун пойтахтнинг туризм кўчаларидан жой ажратиш, мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини яхшилаш, таълим муассасаларини таъмирлаш ҳамда зарур инвентарлар билан таъминлаш билан боғлиқ масалалар кўтарилди.

Шунингдек, мактаб биноларининг муҳандислик-коммуникация тармоқларини реконструкция қилиш, мавжуд инфратузилмани янгилаш, маданият ва санъат соҳаси вакилларига уй-жой сотиб олиш учун субсидия ажратилишида амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан мурожаатлар билдирилди.

Ҳар бир мурожаат Азизхон Шавкатов томонидан батафсил тингланиб, унда кўтарилган масалаларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларни ҳал этиш имкониятлари ҳамда амалдаги тартиб-таомиллар атрофлича муҳокама қилинди.

Мурожаатларнинг айримлари юзасидан қабул жараёнининг ўзида тегишли тушунтириш ва тавсиялар берилди. Қўшимча ўрганиш ҳамда мутасадди ташкилотлар иштирокини талаб этадиган масалалар бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилиб, уларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш, мурожаатчиларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Г.Бобоева, ЎзА