Фуқаролар мурожаатларига қандай ечим топилмоқда?
“Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Бекмуҳаммедов иштирокида брифинг ўтказилди.
Унда жамият томонидан 2026 йилнинг тўққиз ойи давомида фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ҳолати, амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидландики, фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, уларда кўтарилган муаммоларни ўрганиш ва самарали ечим топиш жамият фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда тизим корхоналарида ишчи-ходимлар учун яратилган меҳнат шароитларини ўрганиш, уларнинг муаммоларини аниқлаш ва бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳисобот даврида тасдиқланган режа асосида 9 та сайёр қабул ташкил этилди. Уларда фуқаролар ва ишчи-ходимларнинг таклиф ҳамда муаммолари бевосита жойида ўрганилиб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилди.
Маълум қилинишича, 2026 йилнинг тўққиз ойида жамиятга жами 160 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 30 таси ижобий ҳал этилган, 130 таси бўйича мурожаатчиларга тушунтиришлар берилган.
Шунингдек, Халқ қабулхонаси ва бошқа виртуал қабулхоналар орқали 45 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 17 таси ижобий ҳал этилган, 25 таси бўйича тушунтириш берилган. Бир мурожаат тегишли ташкилотга йўналтирилган, яна икки мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар тақдим этилган.
Брифингда қайд этилганидек, мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш, уларда кўтарилган масалаларга масъулият билан ёндашиш ҳамда мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, онлайн платформалар асосида мурожаат юбориш имкониятлари фуқаролар учун қулайлик яратиб, ушбу жараённинг самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА