Фуқаролар мурожаатлари депутат назорати
Миллий тикланиш демократик партиясидан сайланган Бухоро шаҳар депутати Баҳодир Маъмуров А.Фитрат маҳалла фуқаролар йиғинида сайловчилар билан учрашди.
Тадбирда маҳаллада яшовчи аҳоли муаммолари ўрганилди. Жумладан, моддий ёрдамга муҳтож ва соғлиги ёмонлашган касалмандларга ёрдам бериш борасида аниқ манзилли ишлар олиб бориш бўйича вазифалар белгиланди. Шунингдек, депутат ҳудуддаги мактаб, спорт иншоотлари ва мактабгача таълим муассасаси фаолияти билан танишди. Ёшларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратди. Бундан ташқари, хонадонлардаги муаммолар ўрганилди. Ўз-ўзини иш билан банд қилган тадбиркорларга субсидия ажратиш масаласи муҳокама қилинди.

– Мен оиламни шу тандир орқасидан боқаман, – дейди фуқаро Рустам Қурбонов депутатга мурожаат қилар экан. – Иссиқ нон пишириб, уни сотиб келаман. 3 та фарзандим бор. Яратган эгамга шукур ҳаётимиз яхши. Имкони бўлса менга ўтин олиб келиш учун электро велосипед олишда амалий ёрдам берилса.

–Оилавий шароитимиз яхши эмас, – дейди фуқаро Матлуба Нарзиеваа. –Уйимиз таъмирталаб бўлиб қолган. Ёмғир ёққан пайтларда уй томидан сув ўтади. Соғлигимда муаммоларим борлиги сабабдан ҳозир ишлай олмаяпман. Агар имкони бўлса менга операция жараёни ва даволаниш учун амалий ёрдам берилса.
Депутат Б.Маъмуров ушбу муаммоларни бартараф этди. Фуқароларнинг мурожаати бўйича ишлар бошлаб юборилди. Фуқаролар муаммоларини ҳал этиш бўйича депутат амалий ёрдам беришини таъкидлади.

Ўрганишлар давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзA