Фуқаро лавозимига тикланди
Сирдарё вилояти адлия бошқармасининг фуқаро манфаатида судга киритган даъво аризаси қаноатлантирилди. Натижада Мирзаобод тумани йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасасида ишлаган Д.Н. аввалги лавозимига тикланди ҳамда мажбурий прогул даври учун иш ҳақини ундириш белгиланди.
Ушбу масала юзасидан вилоят адлия бошқармасига фуқаро Д.Н.нинг меҳнат ҳуқуқлари бузилгани ҳақида мурожаати келиб тушган.
Ўрганишлар давомида муассаса раҳбарининг 2026 йил 11 мартдаги буйруғи билан ходим билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 168-моддаси биринчи қисми 5-бандига асосан бекор қилингани аниқланди.
Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори томонидан иш берувчига қонунбузилишларни бартараф этиш, ходимни аввалги лавозимига тиклаш ва мажбурий прогул даври учун иш ҳақи тўлаш юзасидан ёзма кўрсатма берилган. Ховос туман транспорт прокуратураси ҳам мазкур ҳолат бўйича тегишли чоралар кўрган. Бироқ иш берувчи Д.Н.ни аввал фаолият юритган йўл бўлими йўл ишчиси лавозимига эмас, балки пудрат бўлими йўл ишчиси лавозимига тиклаган. Шу тариқа, унинг аввалги ишига қайтарилиши бўйича қонуний талаб тўлиқ бажарилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 569-моддасига кўра, ходимни аввалги ишига тиклаш тўғрисидаги қарор дарҳол ижро этилиши шарт. Кодекснинг 174-моддасида эса меҳнат шартномаси қонунга хилоф равишда бекор қилинганда ходимни аввалги ишига тиклаш ва етказилган моддий зарарни қоплаш кафолатлари белгиланган.
Шундан сўнг адлия бошқармаси фуқаро манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судига даъво аризаси киритди. Суд қарори билан Д.Н. лавозимига тикланди ва мажбурий прогул даври учун иш ҳақини ундириш белгиланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири