Францияда қонуннинг зиддиятли 24-моддаси қайта ёзилади
Франция ҳукумати полициянинг зўравонлиги ва жавобгарлиги билан боғлиқ меъёрлар юзасидан қизғин баҳс-мунозаралар давом этаётган, бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари авж олган бир пайтда хавфсизлик бўйича зиддиятли қонунни бутунлай қайта ёзишга қарор қилди.
Бу ҳақда президент Эммануэль Макроннинг LRЕМ ҳаракати вакили бўлган парламентлар гуруҳи хабар берди.
"Жаҳон хавфсизлиги тўғрисида" ги қонуннинг бир қисми - "24-модда" полициячиларга зарар етказиш ниятидаги кимсаларни онлайн тарзда суратга олиш ҳуқуқбузарликка олиб келади, деган тушунчадан иборат. Бу полицияга жазосиз ҳаракат қилиш учун кенгроқ имкон беради.
"Ҳукумат баҳсли моддани бутунлай қайта ёзишни таклиф қилади", - деди душанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида LRЕМ парламент гуруҳи етакчиси Кристоф Кастанер.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Кастанер илгари ички ишлар вазири эди.
"Биз ҳануз шубҳа, англашилмовчилик давом этаётганини биламиз. Энди норозиликка барҳам бериш керак, чунки бундай жиддий мавзуда тушунмовчилик кучайиши тўхтатилмаса, мамлакат жабрланади", дейди у.
Ўтган ҳафта Франция парламентида муҳокаманинг биринчи босқичидан ўтган хавфсизлик тўғрисидаги янги қонунга қарши бўлган ўн минглаб кишилар кўчаларга чиқиб, ўз норозилигини билдиришди. Парижда ва яна бир неча жойда тўқнашув содир бўлди. Хавфсизлик кучлари 98 ходими жароҳат олди, 81 нафар фуқаро ҳибсга олинди.
Аҳолининг кўпчилик қисми 24-моддани қайтаришга чақирган. Натижада норозилик кўтарилиб, сиёсий зиддият кучайди.
Кастанер Франция Миллий Aссамблеясидаги матбуот анжуманида 24-модданинг икки мақсади борлигини айтди: биринчиси хавфсизлик кучлари аъзоларини зўравонликка ундашдан сақланиш, иккинчиси матбуот эркинлигини таъминлаш ва журналистлар ёки жамоатчилик вакиллари томонидан ахборот бериш. "Бундай эркинлик бизнинг қонимизда бор", - дея қўшимча қиларкан, у сурат нашр этиш, трансляция қилиш ёки ахборотни ижтимоий тармоққа жойлаштиришни тақиқлаш нияти йўқлигини ҳам таъкидлади.
ЎзА