Францияда парламент сайловининг 2-босқичи бошланди
Франция парламенти қуйи палатаси – Миллий кенгаш аъзолиги учун номзодларга овоз бериш жараёни бошланди. Парламент сайловининг иккинчи турини ўтказиш мақсадида участкалар маҳаллий вақт билан 8.00 (Тошкентда 11.00)да очилди.
Бугун 577 депутат 5 йил муддатга сайланади. Парламент таркибидан жой олиш учун номзод муайян участкада рўйхатга олинган рақиблари орасида энг кўп овоз тўплаши лозим.
Белгиланган йирик шаҳарларда овоз йиғиш нуқталари 20.00 гача, бошқа минтақаларда эса 18.00 гача ишлайди.
Дастлабки натижа экзит-полдан сўнг дарҳол эълон қилинади. Одатда, овоз санаш жараёни тез тугайди ва якун расман сайлов куни кечқуруноқ ёки душанбага ўтар тунда аниқ бўлади.
Сайловда Франция Президенти Эммануэль Макрон томонидан асос солинган, аввал "Олға, Республика!" деб номланган "Уйғониш" партиясини қўшиб олган "Бирга!" (Ensemble!) президент коалицияси, марказлашган "Демократик ҳаракат", ўнг-мраказий "Уфқлар" ва "Ҳаракат қил!" партиялари иштирок этмоқда. Жан-Люк Меланшоннинг "Бўйсинмас Франция"си, "Социалистик партия", "Коммунистик партия" ва "Европа-Экология-Яшиллар" партиясидан иборат "Янги халқ экологик ва ижтимоий иттифоқи" (Nupes) сўл коалицияси ҳам рўйхатга олинган. Шунингдек, овоз беришда ўта ўнг қарашга эга партиялар - Марин Ле Пеннинг "Миллий бирлашма"си ва Эрик Земмурнинг "Қайта забт этиш" гуруҳи ҳам қатнашяпти.
Парламент сайловининг 2-босқичида кураш, асосан, "Бирга!" президент коалицияси ва Меланшон бошчилигидаги сўл коалиция ўртасида кечиши кутилмоқда. 12 июнда бўлиб ўтган биринчи тур якунига кўра, " Бирга!"чилар 25,71 фоиз, сўл "Янги халқ экологик ва ижтимоий иттифоқи" 25,61 фоиз овоз олган.
Иккинчи тур арафасида ўтказилган сўров натижалари президент коалициясига тахминан 255-295 та ўрин «ваъда қилган», «сўллар»га 150-200 та «жой қолдирган». Палата фаолияти устидан назорат ўрнатиш учун эса 289 та курси зарур бўлади.
ЎзА эслатиб ўтади, Франция парламентига сайловнинг биринчи турида, мамлакат ИИВ хабарига кўра, участкаларга овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг бор-йўғи 39,42 фоизи келган. Бу жуда паст кўрсаткич ҳисобланади.
Ғ.Хонназаров, ЎзА