Францияда аномал қурғоқчилик: кичик дарёларнинг 43 фоизи қуриб қолмоқда
“Ladepeche” нашри хабар беришича, Франциянинг 96 департаментидан 67 тасида жиддий қурғоқчилик инқирози юзага келди.
Айниқса мамлакат ғарбидаги Вандея, Шаранта ва Шаранта-Маритима ҳамда шарқда жойлашган Кот-д’Ор ҳудудларида вазият ўта оғирлиги айтилмоқда.
Маълумотга кўра, кичик дарё ва сойларнинг 43 фоизи аллақачон тўлиқ бўшаб қолган ёки қуриш ёқасига келиб қолган. Бу илгари мисли кўрилмаган кўрсаткич.
Таъкидланишича, бу аҳвол июль ойидаги ғайри оддий иссиқ ҳаво ва ёғингарчилик 70 фоиз камайиб кетиши оқибатида юзага келган. Синоптиклар айрим жойларда момақалдироқ кутилаётганига қарамай, умумий қуруқ ва иссиқ об-ҳаво давом этишини тахмин қилмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА