Франция: Путиннинг таҳдидларидан қўрқмаслик керак (+видео)
Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро мамлакат Россия томонидан бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай тажовузга қарши чоралар кўраётганини билдирди, деб хабар берди Euronews.
«Франция Владимир Путиннинг кескин кучайган тажовузкор ҳаракатлари нишонларидан бирига айланди. Биз ўзимизни ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўрдик», — деди Франция Ташқи ишлар вазири.
Сўнгги ҳафталарда Европада Россияга нисбат берилаётган тажовузкор ҳаракатлар кўпайди. Варшавага йўл олган поезд Украина чегараси яқинида дрон зарбасига учради. Дронлар ҳужуми оқибатида яна Украина чегараси яқинида ёнғинлар содир бўлди. Латвия ва Литвада дронлар уриб туширилди. Дания яқинида Россияга тегишли кема Болтиқ денгизи устида учиб кетаётган вертолёт томон икки марта сигнал ракетасини отди.
«Бундай ҳаракатларни ҳисобга олишимиз керак. Аммо ўзимизни қўрқитишларига йўл қўймаслигимиз лозим. Биз Владимир Путиннинг бизни заифлаштириш ва бўлиб ташлашга қаратилган тузоқларига тушмаслигимиз керак», —деди Франция Ташқи ишлар вазири. Унинг таъкидлашича, яқин ойларда Владимир Путин Европа давлатлари ва Францияда бўлиб ўтадиган сайловларга қандайдир тарзда таъсир ўтказишга уриниши мумкин.
Шунингдек, Франция ва Финляндия кенгайтирилган ядровий ҳимоя ташаббусида иштирок этишини расман келишиб олди. Икки давлатнинг қўшма баёнотида айтилишича, бу қарор ҳар икки давлатнинг халқаро мажбуриятларига мос келади ҳамда Европа хавфсизлиги ва икки томонлама ҳамкорлик учун муҳим қадам ҳисобланади.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Франциянинг ушбу ташаббусини “ ўйланмаган қарор” деб атади. Унинг сўзларига кўра, Франция Европа иттифоқчиларига таклиф қилаётган “кенгайтирилган ядровий ҳимоя” тизими Россия учун хавф омили ҳисобланади. Захарованинг таъкидлашича, Европа давлатлари гўё мавжуд Россия таҳдидини баҳона қилиб, ядровий қуролларни Россия чегараларига янада яқинлаштиришга уринмоқда. Захарова, шунингдек, Россия учун хавф туғдириши мумкин бўлган қуроллар Россия стратегик тийиб туриш кучларининг алоҳида эътиборида бўлишини маълум қилди.
Кенжа Бекжонов, ЎзА