ФОТОРЕПОРТАЖ: Достон Ёқубов - Жаҳон чемпиони!
Бугун оғир атлетика бўйича катталар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида вакилларимиз Адҳамжон Эргашев ва Достон Ёқубов -67 кг. вазн тоифасида супачага чиқдилар.
Даст кўтариш машқида бироз омади чопмаган Адҳамжон Эргашев силтаб кўтаришда ишончни оқлади. Наманганлик атлетимиз иккинчи уринишда 174 кг.ни ўзига бўйсундирди, аммо охирги чиқишда 177 кг. штанга бирозгина оғирлик қилди. Шундай бўлсада, Адҳамжон Эргашев силтаб кўтариш машқида шоҳсупага кўтарилиб, жамоамизга бронза медалини тақдим этди (икки курашда 308 кг.). Икки курашда эса спортчимиз 6-поғонани банд этди.
Энг қувончли воқеа эса бироз кейинроқ юз берди. Нафақат силтаб кўтариш машқи балки икки кураш натижаси бўйича ҳам ғолиблик учун курашда Достон Ёқубов учала имкониятидан ҳам унумли фойдаланди ва 180 кг. натижа қайд этди.
Силтаб кўтариш машқида ҳамюртимиз билан охиригача курашган Москьера якунда таслим бўлди. Балки 181 кг. вазн, балки трибуналардаги мухлисларимизнинг Ёқубовни қўллаб-қувватлаши Франсиско Антонио Москьера учун "оғирлик" қилди. Оқибатда, Тошкент вилояти вакили Ёқубов (324 кг.) 2 та олтин ва 1 та кумуш медалга эга чиқди.
[gallery-5032]
Совриндор спортчиларимизни ва барча юртдошларимизни жаҳон чемпионатидаги ғалабалар билан муборакбод этамиз!
Катталар ўртасида жаҳон чемпионати
Эркаклар, -67 кг.
1. Достон Ёқубов (Ўзбекистон) – 324 кг (144+180),
2. Франсиско Антонио Москьера (Колумбия) – 316 кг (137+179),
3. Зульфат Гараев (Россия) – 315 кг (146+169),
6. Адҳамжон Эргашев (Ўзбекистон) – 308 кг (134+174).
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА