ФОТОГАЛЕРЕЯ: Истиқлол йиллари — Тошкент солномасида
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги олдидан «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!».
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ЎзА сайтида ташкил этилган махсус фотогалереялар туркуми пойтахтимизга бағишланган суратлар билан якунланмоқда.
Ушбу фотогалереяда Тошкент шаҳрининг сўнгги йиллардаги тараққиёт йўли, шаҳар қиёфасидаги янгиланишлар, турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг инсон ҳаётидаги ифодаси фотокадрларда акс этган.
Пойтахт кўчалари, маҳаллалари ва янги массивларидаги бунёдкорлик ишлари, замонавий турар-жойлар, ижтимоий объектлар ва инфратузилма лойиҳалари Тошкентнинг тобора янгиланиб бораётган қиёфасини намоён этади.
Фотосуратларда “Янги Ўзбекистон” боғи каби халқимизнинг миллий ғурури ва истиқлол ғояларини ўзида мужассам этган масканлар билан бир қаторда, пойтахтнинг янги тараққиёт босқичини белгилаб бераётган улкан лойиҳалар ҳам ўз аксини топган. Хусусан, жадал суръатларда барпо этилаётган Янги Тошкент — замонавий шаҳарсозлик, кенг имкониятлар ва келажак авлодлар учун муносиб муҳит яратишга қаратилган эзгу мақсадларнинг амалий ифодасидир.
[gallery-31151]
Суратларда илм-фан ва таълим соҳасида яратилаётган имкониятлар, замонавий тиббиёт муассасалари, спорт иншоотлари, саноат корхоналари ва ишлаб чиқариш жараёнлари ҳам кенг ўрин олган. Бу кадрларда янги билим ва касбларни эгаллаётган ёшлар, меҳнат қилаётган инсонлар тимсолида тараққиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи — инсон омили намоён бўлади.
Ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишлар, аҳоли учун яратилаётган қулайликлар, инсон қадри ва манфаатларини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳам фотогалереянинг муҳим мазмунини ташкил этади. Зеро, ислоҳотларнинг асосий мақсади инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитларни яратиш билан чамбарчас боғлиқ.
Тошкентнинг тарихий обидалари, замонавий архитектураси, истироҳат масканлари ва сайёҳлик салоҳиятини акс эттирган кадрлар эса пойтахтнинг тарих ва замонавийлик уйғунлашган бетакрор қиёфасини намоён этади.
Саноат ва ишлаб чиқаришдаги ўсиш, янги корхоналар ва иш ўринлари, илм-фан ва таълимдаги янгиланишлар, тиббиёт ва спортдаги имкониятларнинг кенгайиши, ижтимоий соҳадаги ўзгаришлар — буларнинг барчаси фотокадрларда ягона манзарага, яъни истиқлол йилларида шаклланган янги Тошкент қиёфасига бирлашади.
Фотосурат бир лаҳзани муҳрлайди. Аммо уларни бир бутун ҳолда кузатар эканмиз, сўнгги йиллардаги улкан ўзгаришларнинг яхлит манзараси намоён бўлади. Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларга бағишланган фотогалереялардан сўнг Тошкент шаҳрига оид ушбу якуний галерея ҳам юртимиз тараққиётининг турли қирраларини фотосуратлар орқали намоён этади.
Хулоса ўрнида: истиқлол йилларида босиб ўтилган йўл — бу, аввало, инсон меҳнати, бунёдкорлик ва янгиланишлар тарихидир. Ушбу фотогалереялар туркумида жамланган кадрлар Қорақалпоғистон Республикасидан тортиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги ўзгаришларни турли қирралари билан акс эттирди.
Уларнинг сўнгги манзили — Тошкент. Бугун пойтахтдаги “Янги Ўзбекистон” боғи истиқлол ғояларини, Янги Тошкент эса келажакка қаратилган улкан мақсадларни ўзида мужассам этмоқда. Шу маънода, бу фотогалерея нафақат ўтган 35 йиллик тараққиётга назар, балки эртанги кунга ишонч ва интилишнинг ҳам фотойилномасидир.
ЎзА