Форумда Ўзбекистон IT саноатидаги ютуқлар кўрсатилди
Тошкент халқаро инвестиция форуми қизғин давом этмоқда. Форумнинг навбатдаги панел мунозараси “INDUSTRIYA 4.0” деб номланди.
Унда Ўзбекистоннинг IT саноати ва соҳадаги ютуқлар ва келгусидаги режалар ҳақида сўз борди. Панел йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов соҳадаги янгиликларга бағишланган тақдимот қилди.
Мамлакатимизда IT соҳасига кўрсатилаётган эътибор самарасида АКТ йўналишида бир қатор ютуқларга эришилмоқда. Хусусан, 2021 йилда IT Park резидентлари экспорт ҳажмини қарийб 3 бараварга оширди. Ўтган йилда IT Park резидент компаниялари томонидан 2,5 тириллион сўмлик хизматлар кўрсатилди, шундан 46 миллион доллар экспорт ҳиссасига тўғри келади. Бу кўрсаткич 2020 йилга қараганда 2,8 баробар кўп. 2022 йилда эса IT маҳсулотлар экспортини 100 миллион долларга етказиш кўзда тутилган. Қолаверса, ўтган йили IT Park резидентлари сони жами 523 тага етди, йил давомида 104 та янги компания ташкил этилган.
Бугунги кунда мамлакатимизда IT-соҳасида йилига ўртача 5 минг нафардан ортиқ олий маълумотли кадрлар тайёрланади. 2019-йилда йўлга қўйилган “Бир миллион ўзбек дастурчиси” лойиҳаси билан бирга мамлакатнинг барча ҳудудларида IT-марказларнинг очилиши соҳага ҳар йили 50 мингдан ортиқ ёш мутахассисларни тайёрлаб бермоқда. IT-парк резидентлари сони 440 дан ошди. Улар томонидан мингга яқин янги иш ўринлари ташкил этилди, дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ҳажми 1 триллион сўмдан ортди.
Панел мунозарасида АКТ соҳаси мутахассислар тайёрлайдиган олий таълим даргоҳлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов юртимизнинг барча соҳалари хусусан, тўқимачилик, чарм саноати, қишлоқ хўжалиги соҳаларини рақамлаштириш борасида амалга оширилган ишлар хусусида маълумот берди.
Жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида дала ва ўсимликларни самарали суғориш учун махсус мосламалар ўрнатилган. Вазирлик томонидан ташкил этилган “Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш” жамғармаси томонидан ёш тадбиркорлар учун қулай муҳит яратилди. Шунингдек, бошқа бир қатор соҳаларни ҳам рақамлаштириш борасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар ҳақида гапириб берди.
Гўзал Сатторова,ЎзА