Фориш туманидаги боғчалар сони 73 тага етди
Жиззах вилоятининг энг олис ҳудуди Фориш туманининг Осмонсой қишлоғида давлат-хусусий шерикчилик асосида 50 ўринли “Умидли ниҳол” деб номланган мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди.
Ушбу янги муассаса “Қишлоққурилишбанк”нинг 1,5 миллиард сўм кредити ва ташаббускорнинг 500 миллион сўмдан зиёд шахсий маблағи ҳисобига қуриб битказилди.
Замонавий типда бунёд этилган мактабгача таълим муассасасида болажонлар учун барча зарур шароитлар яратилган. Машғулот ўтадиган хоналар, ётоқхоналар, овқатланиш хоналари барчаси замонавий мебеллар билан жиҳозланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида туманда болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олишда туб бурилиш қилинди. 2017 йилда туманда жами 7 та боғча фаолият юритган. Айни пайтда эса уларнинг сони 73 тага етди.
Улардан 13 таси давлат, 5 таси давлат-хусусий шерикчилик, 55 таси хусусий боғча. Уларда 4 минг 745 нафар кичкинтой қамраб олинган. Бу тумандаги мактабгача ёшдаги жами болаларнинг 68,8 фоизини ташкил этади
– Уч йил аввал туманимизда жами 7 тагина мактабгача таълим муассасаси бўлиб, уларга барча мактабгача ёшдаги болаларнинг 6 фоизи қамраб олинган эди, – дейди туман мактабгача таълим бўлими мудири Муқаддас Исломова. – Президентимиз томонидан берилаётган катта эътибор туфайли кейинги йилларда туманда мактабгача таълим муассасалари сони ва уларга болалар қамрови 10 баравардан зиёд кўпайди. Бу – давлатимизнинг мактабгача таълим муассасаларига эътибори, бу йўналишда тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратилаётгани, давлат-хусусий шерикчиликнинг қўллаб-қувватланаётгани натижасидир.
Давлат-хусусий шерикчилик асосида ва хусусий боғчалар барпо этилишининг қўллаб-қувватланиши натижасида туманнинг энг чекка қишлоқларида ҳам мактабгача таълим муассасалари барпо этилди.
– Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш фақат янги бино қуриш, жой билан таъминлаш билан битмайди, соҳани малакали мутахассис кадрлар билан таъминлаш ҳам муҳим, – дейди туман мактабгача таълим бўлими етакчи мутахассиси Воҳид Эргашев. – Айни пайтда тумандаги мактабгача таълим ташкилотларида кадрларнинг 18 фоизини олий маълумотли мутахассислар ташкил этади. Бу жуда кам, албатта. Шунинг учун барча муассасаларни олий маълумотли мутахассислар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги ташкил этилган давлат шерикчилик ва хусусий муассасалар ходимларига услубий ёрдам кўрсатиш, малакаларини ошириш учун доимий ўқув семинарлари ўтказилаётир.
Шу кунларда туман мактабгача таълим бўлими мутахассислари ҳудуддаги барча боғчаларнинг қишки мавсумга тайёргарлигини ўрганиб, камчиликларни бартараф этишда, пандемия карантинидан сўнг хафсиз иш фаолиятини йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатмоқда.