“Фориш” тоғ полигонида ҳарбий йиғин машғулотлари
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан Марказий ҳарбий округнинг “Фориш” тоғ полигонида маҳаллий давлат ҳокимият органлари, хўжалик бирлашма ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокидаги ҳарбий йиғинга старт берилди.
Ушбу йиғинда Жиззах, Самарқанд ҳамда Навоий вилоятлари, туман ва шаҳар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, хўжалик бирлашма ҳамда ташкилот раҳбарлари мамлакат мудофаасини ташкиллаштириш доирасида юклатилган вазифалар бажарилиши самарадорлигини ошириш учун бевосита ҳарбий хизмат муҳитида бўладилар.

Дастлаб йиғин сигнали бўйича вилоят мудофаа ишлари бошқармасига келган йиғин иштирокчиларига округ қўмондонлиги томонидан ҳарбий ўқувларда зарур бўладиган кийим-кечак ва анжом-аслаҳалар топширилди. Иштирокчилар ҳарбий-ҳисоб мутахассислиги бўйича гуруҳларга тақсимланиб, уларга йиғин давомида режалаштирилган машғулотлар ва кун тартибидаги масалалар етказилди.

Иштирокчилар “Фориш” тоғ полигонига келиб, у ерда ҳарбий хизматчилар учун яратилган шароитлар ва бугунги кунда миллий армиямизда мавжуд жанговар техникалар ҳамда қурол-аслаҳалар билан танишди.
Маросимда сўзга чиққан округ қўшинлари қўмондони, полковник Фаррух Зиябаев, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамда Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов сўзга чиқиб, йиғин иштирокчиларини қутлади ва бир неча кун давом этадиган машғулотларда уларга омад тилади.

Мазкур йиғинда иштирокчилар жанговар тайёргарлик фанлари бўйича назарий ва амалий машғулотларни ўтказиш йўли билан аввал олинган ҳарбий кўникмаларини қайта тиклаши, ҳудудий мудофаа ва фуқароларни ҳимоя қилишда дахлдорлик ҳисларини янада ошириши талаб этилади.

Шунингдек, йиғин иштирокчилари машғулотлар давомида алоқа, тактик-тиббий, ҳарбий спорт ҳамда отиш тайёргарликларидан ўтиб, ўзларининг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаб олади.


Булардан ташқари, иштирокчилар оператив, сафарбарлик, ахлоқий-руҳий, тактик тайёргарликлардан ўтиш орқали замонавий армиямизда олиб борилаётган ислоҳотлардан атрофлича бохабар бўлади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари