Таҳлил: Ўзбекистон корхоналари халқаро атом энергетикаси бозорига чиқа оладими?
Атом электр станцияси қурилиши Ўзбекистон саноати учун нафақат йирик буюртмалар, балки халқаро атом энергетикаси бозорига кириш имкониятини ҳам яратиши мумкин. Бироқ бунинг учун маҳаллий корхоналар қурилиш жараёнида иштирок этишнинг ўзи билан чекланиб қолмасдан, халқаро стандартлар, хавфсизлик талаблари ва хорижий буюртмачилар шартларига жавоб бера оладиган салоҳиятни шакллантириши зарур.
Айниқса, узоқ муддатли шартномаларга эга бўлиш ва турли мамлакатлардаги лойиҳаларда ишлаш имкониятига эришиш муҳим аҳамият касб этади.
Бу масалалар жорий йилнинг 12-13 ноябрь кунлари Анталия шаҳрида ўтказилган "World Atomic Days" халқаро форуми доирасидаги АЭС қурилишида миллий саноат иштирокини муҳокама қилишга бағишланган сессияда ҳам кўтарилди.
Жаҳон ядро ассоциациясининг (WNA) энергетика ва иқлим бўйича дастурлар раҳбари Жонатан Кобб маҳаллий пудратчиларни атом энергетикаси лойиҳаларига олдиндан тайёрлаш зарурлигини таъкидлади. Унинг фикрича, миллий корхоналар қурилиш-монтаж ва муҳандислик ишлари, ускуналар етказиб бериш ҳамда логистика йўналишларида иштирок этиши мумкин. Бунинг учун турли мамлакатлардаги техник стандартлар ва харид талабларини ўзаро яқинлаштириш муҳим. Бундай ёндашув зарур малакага эга компанияларга бир нечта мамлакатдаги атом лойиҳаларида қатнашиш имконини бериши мумкин.
Маҳаллий саноатни ривожлантиришнинг янги босқичи
Ўзбекистонда ушбу йўналишда муайян қадамлар ташланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев сентябрь ойида биринчи АЭС қурилишида маҳаллий маҳсулотлар улушини камида 30 фоизга етказиш вазифасини белгилаган эди. Шунингдек, Фориш туманида 200 гектар майдонда "Атом-Саноат" саноат кластерини ташкил этиш лойиҳаси маъқулланган. Унда хорижий технологиялар асосида қўшма ишлаб чиқаришни ривожлантириш режалаштирилган.
Бу ташаббуслар маҳаллий корхоналарнинг янги технологияларни ўзлаштириши ва атом саноати талаблари асосида ишлаш тажрибасини тўплаши учун муҳим имконият. Бироқ масаланинг яна бир жиҳати бор: битта АЭС қурилиши доирасидаги буюртмалар корхоналарнинг узоқ муддатли ривожланишини таъминлаш учун етарли бўлмаслиги мумкин.
Шу сабабли маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг истиқболини фақат ички лойиҳадаги иштироки билан баҳолаш тўғри эмас. Уларнинг халқаро бозордаги ўрни тармоқ стандартларига мувофиқлиги, бошқа буюртмачилар талабларини бажара олиши ва узоқ муддатли шартномалар тузиш салоҳиятига ҳам боғлиқ. Демак, маҳаллийлаштиришнинг муҳим натижаси нафақат ички эҳтиёжни қоплаш, балки рақобатбардош ишлаб чиқаришни шакллантириш бўлиши керак.
Барқарор таъминот занжирлари - асосий шартлардан бири
АЭС қурилиши билан боғлиқ яна бир муҳим масала шуки, йирик лойиҳалар якунланганидан кейин ҳам маҳаллий саноатнинг ишлаб чиқариш имкониятларини сақлаб қолиш. Бу ҳақда “World Atomic Days” форумининг пленар сессиясида БРИКС атом энергияси платформаси бош координатори Элзи Пуле ҳам фикр билдирди.
У Жанубий Африка тажрибасини мисол қилиб, айрим хорижий ташкилотлар йирик лойиҳаларни якунлаб, мамлакатни тарк этганидан кейин ўзлари билан бирга таъминот имкониятларини ҳам олиб кетганини таъкидлади. Шу билан бирга, "Росатом" иштирокидаги лойиҳаларда бошқача ёндашувни кузатаётганини қайд этди.
Халқаро таъминот барқарорлиги масаласи 13 ноябрь куни бўлиб ўтган БРИКС атом энергияси платформасининг йиллик конференциясида ҳам муҳокама қилинди. Унда йирик қувватли АЭСлар учун барқарор таъминот занжирларини шакллантиришда БРИКС мамлакатлари ҳамкорлигига бағишланган тадқиқот тақдим этилди. Конференцияда Ўзбекистон ва Қозоғистон ташкилотлари вакиллари ҳам иштирок этди.
Қурилишдан кейинги истиқбол: миллий саноатнинг халқаро салоҳияти
Атом электр станциясини илк бор барпо этаётган мамлакатлар учун вазифа фақат қурилишни якунлашдан иборат эмас. Технологик ҳамкорлар билан узоқ муддатли муносабатларни йўлга қўйиш, миллий мутахассисларни тайёрлаш, муҳандислик ва ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантириш ҳам муҳим. Чунки станция ишга туширилганидан кейин ҳам ускуналар етказиб бериш, техник хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишларда эҳтиёж сақланиб қолади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда АЭС қурилиши маҳаллий корхоналар учун халқаро атом энергетикаси бозорига чиқиш йўлида муҳим тажриба мактаби бўлиши мумкин. Аммо бу имконият ўз-ўзидан рўёбга чиқмайди. Бунинг учун ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, халқаро хавфсизлик ва сифат талабларини ўзлаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда хорижий буюртмачилар билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур.
Хулоса қилиб айтганда, биринчи АЭС қурилишининг саноат учун аҳамияти фақат маҳаллий маҳсулотлар улуши билан эмас, балки ушбу жараён миллий корхоналарнинг келгусида халқаро лойиҳаларда иштирок этиши учун қандай замин яратиши билан ҳам белгиланади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА