Фирибгарларнинг фириби ўзларига панд берди
Сирдарёда истеъмолчининг табиий газдан қарздорлигини йўқ қилиб бермоқчи бўлган газ таъминоти корхонаси инспекторларининг қинғирликлари фош этилди.
Аёлининг “ҳой, туринг, тунов кунги газчилар яна келиб қолади, қарзимиз кўп экан, бир йўлини топинг”, дея ёзғиришларидан сўнг Усмонжон (мақоладаги географик номлар ва персонажларнинг исми-шарифи ўзгартирилган) истар-истамай ёстиқдан бошини кўтарди. Шу пайт дарвоза тақиллаб қолди. Аёлнинг кўзларида “Ана, газчилар келди, чиқинг”, деган маъно бор эди.
– Наврўз маҳалласи, “Қатор тол” кўчаси, 13-уй, Сотиболдиев Усмонжон, сиз бўласизми? – деди газчилардан бири. Усмонжон тасдиқ маъносида, жавоб ўрнига “ҳа” дегандек, малол келибгина бошини ликиллатди.
– Мана қаранг, сизга 7 миллион 400 минг 250 сўм қарздорлик чиқарилган, – деди телефонидаги рўйхатни унга кўрсатиб. Усмонжоннинг ўз исми-шарифи, манзили ва охирги қатордаги рақамларга кўзи тушди-ю ранги бўздек оқариб кетди.
– Акага сал шавқат қилинг, ака ҳам ўзимиздан, сал аянг, – деди газчиларнинг яна бири суҳбатга аралашиб. Бу “қувватлов”ни эшитиб, Усмонжонга сал-пал жон киргандай бўлди-ю аммо, тили барибир айланмай тураверди.
– Энди, ўзингиз яхши биласиз бу базага киритилган нарса, фақат мен билан сиз хабардор бўлганимизда, сизни танишингиз бўлгани учун акани бир сўмни ҳам олмай йўқ қилиб ташлардим... Аммо... Ўзингиз биласиз-ку, у ердагиларни, – талмовсиради новча мутахассис.
– Ҳа, у ердагилар ямламай ютадиган “акула”лар эканини яхши биламан. Лекин Усмонжон ака ҳам бегона эмас-да, хўжайин, тўй-маракаларда акага кўзимиз тушиб туради, – деди яна иккинчи мутахассис.
Усмонжоннинг кўзига иссиқ кўриниб турган газчилардан бирини у яқинда синфдошининг тўйида кўргани ёдига тушди. Хаёлига келган илк фикр “Қўллаворинг ака, бегона эмасмизку, бизда ҳам қолиб кетмас” деган гап бўлди.
Икки “қариндош” бирлашиб, новчани салкам 7 ярим миллиондан 2 ярим миллионга барча қарздорликларни йўқ қилиб беришга кўндирди.
Усмонжон, уйга кириб, кеча “тегишли жой”дан беришган, 2 миллион 500 минг сўм маблағни олиб чиқиб, “Мана акалар бу ерда роппа-роса 2 миллион 500 минг сўм”, дея уларга пулни тутқазди.
– Ўзимиздан экансизку, фақат ака шу гап шу ерда қолсин, акс ҳолда базадагилар яна қарз, қилиб ёзиб қўйишдан тоймайди, – дея новча мутахассис, пулни санамай бир-икки салмоқлаб, елкасига илиқлик сумкасига солган ҳам эдики, Дарвозадан 3-4 нафар йигит кириб, шартта иккисининг ҳам қўлларидан тутди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бошқармалари томонидан Мирзаобод тумани Наврўз маҳалласида ўтказилган тезкор тадбирда, “Мирзаободтумангаз” газ таъминоти бўлими инспекторлари Алихўжа Шавқиддинов ҳамда Хўжаали Айтбаевлар Усмонжон Сотиболдиевнинг яшаш хонадонида газ ҳисоблагичдан нотўғри фойдаланилганлиги натижасида ҳисобланган 7 миллион 400 минг сўмдан ортиқроқ қарздорликни йўқ қилиб бериш ва тузилган далолатномани электрон дастурга киритмаслик эвазига 2 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтларида ашёвий далил билан ушланди.
Текин – тешиб чиқади, дейди халқимиз. Алдов йўли билан даромад орттирмоқчи бўлган фирибгарларнинг фириби ўзларига панд бериб қўйди.
Энди, мазкур ҳолат юзасидан Алихўжа Шавқиддинов ҳамда Хўжаали Айтбаевга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
А.Қаюмов, ЎзА