Фирибгарлар тузоғига тушиб қолманг
Кейинги пайтда фирибгарларнинг тузоғига тушиб, пластик картадаги маблағини йўқотаётган фуқаролар сони ортмоқда. Шу боис пластик карта билан боғлиқ ҳолатларда ҳушёрликни ошириш давр талабига айланган.
Асосий фаолиятини виртуал оламда олиб борувчи бундай фирибгарлар турли хил тузоқларни ўйлаб топмоқда. Масалан, шундай усуллардан бири сохта сайтлар очиш орқали маҳсулот сотиш баҳонасида одамларнинг пластик карта рақамини қўлга киритиб, пулини ўзлаштириб кетишдир.
Шу мақсадда Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази ташаббуси билан Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида ОАВ вакиллари иштирокида киберхавфсизлик масаласига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
[gallery-18094]
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари, ички ишлар бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари, Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик марказининг масъул ходими ҳамда ОАВ вакиллари, корхона ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда ахборот хизматлари, журналист ва блогерлар иштирок этди.
Анжуман давомида Кашкадарё вилоятида ўтказилиши режалаштирилган “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги - “Cyber-month” доирасида комплекс тарғибот-ташвиқот тадбирлари тўғрисида ОАВ вакилларига маълумот берилди.
Таъкидлаш лозимки, ҳозирги ривожланиб бораётган ахборот технологиялари асрида, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида компьютер ва рақамлаштирилган турли хил техникаларни кўришимиз мумкин. Ушбу соҳа ривожланиб боргани сари, бундан ғараз мақсадда фойдаланувчилар ҳам ортиб боради. Бугунги кунда, барча ҳудудларда содир этилаётган жами жиноятлар орасида интернет ва компьютер технологиялари билан боғлиқ жиноятлар нисбати кескин ошиб бормоқда.
Қашқадарё вилоятида кибержиноятларни олдини олиш ҳамда аҳолини кибер оламдаги таҳдидлардан иммунитетини ошириш мақсадида 2024 йилнинг 1-30 июль кунлари Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази, вилоятдаги манфаатдор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиш белгиланган.
Тадбирлар давомида инновацион тарғибот усулларидан фойдаланган ҳолда вилоятдаги барча ишчи-хизматчилар, ёшлар билан ҳамкорликда 3 миллиондан ортиқ аҳолини қамраб олиш режалаштирилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбири