Фирибгардан жарима тўлиқ ундирилди
Сирдарё вилоятида фирибгарлик жиноятини содир этган шахсга нисбатан суд томонидан 111 млн. сўм жиноий жарима жазоси белгиланди. Жазо ижроси Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё туман бўлими томонидан амалга оширилди.
Ижро ҳаракатлари жараёнида, белгиланган ихтиёрий муддатда жарима суммаси тўланмаганлиги боис, бюро ходимлари мажбурий ижро чораларини қўллашга мажбур бўлди. Қарздорнинг мулки хатланиб, унинг маблағлари ҳисобидан жарима суммаси ундирилди.
Натижада, қарздор 111 млн. сўм жиноий жарима пули ҳамда 5,5 млн. сўм ижро йиғимини тўлиқ тўлади.
– Бу жараён бутунлай қонуний тартибда, адолат ва шаффофлик принциплари асосида олиб борилди, – дейди Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё туман бўлими бошлиғи ўринбосари Нурмаҳмад Нуров. – Ҳар бир ижро ҳаракати аҳолига ҳам, давлатга ҳам фойда келтириши лозим. Қарздордан тўлиқ маблағ ундирилиши ушбу принципнинг аниқ мисоли бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири