FIAS ишчи гуруҳи Тошкентдаги жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёнини ўрганди
Жорий йилнинг 6–8 ноябрь кунлари пойтахтимизда самбо бўйича юбилей — 50-жаҳон чемпионати ўтказилади.
Нуфузли мусобақага тайёргарлик ишларини баҳолаш мақсадида 6 август куни Халқаро самбо федерацияси (FIAS)нинг ишчи гуруҳи Тошкентга ташриф буюрди.
Ишчи гуруҳ таркибидан FIAS бош котиби Александр Корсик, маркетинг бўлими раҳбари Елена Прекрасная ҳамда медиа хизмати раҳбари Роман Барков ўрин олди.
Ташриф давомида меҳмонларга жаҳон чемпионатига тайёргарликнинг ташкилий жараёнлари, мусобақа инфратузилмаси ва режалаштирилган ишлар ҳақида маълумот берилди. Уларга Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Санат Гуломназаров, Осиё–Океания самбо уюшмаси президенти Аламжон Муллаев, Ўзбекистон самбо ассоциацияси раиси Алишер Алимов ҳамда раис ўринбосари Ислом Адилов ҳамроҳлик қилди.

FIAS вакиллари мусобақа ўтказиладиган арена, иштирокчилар ва меҳмонлар жойлаштириладиган меҳмонхоналар, шунингдек, чемпионатга жалб этиладиган бошқа инфратузилма объектларини кўздан кечирди.
Таъкидлаш жоиз, самбо бўйича юбилей — 50-жаҳон чемпионати 6–8 ноябрь кунлари Тошкент шаҳридаги Олимпия шаҳарчасида бўлиб ўтади. Ушбу мусобақанинг мамлакатимизга ишониб топширилиши Ўзбекистоннинг йирик халқаро спорт тадбирларини юқори савияда ташкил этиш борасидаги тажрибаси ва халқаро спорт ҳамжамияти ишончининг яна бир тасдиғи сифатида баҳоланмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА