Тошкентда Осиё оғир атлетикасининг истиқболли режалари белгиланди
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да Осиё оғир атлетика федерацияси Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Осиё оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Юсуф Алмана раислигида ўтказилган йиғилишда Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Жалуд, Ижроия қўмита аъзолари, аъзо мамлакатларнинг мутасадди ва мутахассислари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов қатнашган Ижроия қўмита анжуманида 2027 йилда Корея Республикасида ўтказиладиган Осиё чемпионати, Японияда бўлиб ўтадиган ХХ ёзги Осиё ўйинлари, Саудия Арабистонида ташкил этиладиган ёпиқ иншоотлар ва жанг санъатлари бўйича Осиё ўйинларига тайёргарлик каби бир қатор долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Тадбир доирасида халқаро майдонда спорт ва олимпия ҳаракатини ривожлантириш, хусусан, Ўзбекистоннинг халқаро спорт ташкилотларидаги ўрнини мустаҳкамлаш борасидаги алоҳида хизматлари учун Осиё оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Юсуф Алмана жаноблари Ўзбекистон Республикаси спорт вазирлигининг "Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, Осиё қитъасида оғир атлетикани ривожлантириш ва халқаро мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Т. Рўзиев, ЎзА