Фестиваль барчага қувонч бағишлади
Сурхондарё вилоятида жорий йилнинг 9-14 сентябрь кунлари “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида бўлиб ўтган “Маданият карвони”, “Маънавият фестивали” ҳамда миллий фильмлар тақдимотлари Термиз шаҳридаги Санъат саройи амфитеатрида гала-концерт билан якунланди.
Беқиёс ўзгариш ва янгиланишларга юз тутаётган воҳанинг маҳалла ҳамда олис қишлоқлари, таълим муассасалари, ташкилотлар ва пахта далаларида пойтахтдан келган 150 дан ортиқ таниқли олим, шоирлар, элимиз суйган санъаткорлар, театр ва кино арбоблари 400 га яқин маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этди. Унда 300 мингга яқин аҳоли вакиллари, ёшлар иштирок этди.
Кекса авлод вакилларига бир олам қувонч, ёшларга шижоат бағишлаган тадбирларда кейинги йилларда мамлакатимиз ва Сурхон воҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Қизиқарли концерт дастурлари, театрлаштирилган томошалар намойиш этилди. Ижодий учрашувлар ва энг сара фильмлар тақдимотлари ўтказилди.
[gallery-8788]
Якуний гала-концертнинг тантанали очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов воҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг инсон қадрини улуғлашга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Эришилаётган улкан ютуқлар кўп миллатли вилоят аҳолисининг аҳиллиги, ҳалол, фидокорона меҳнати ва бетиним изланишлари эвазига қўлга киритилаётганини қайд этди. Очиқ мулоқотлар, дилтортар концерт дастурлари, ижодий учрашувлар ташкил этиш учун пойтахтдан келиб, фидойи, меҳнатсевар халқни ўзларининг энг гўзал ижод намуналари, куй-қўшиқлари билан хушнуд этган шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, кино санъати усталари, маънавият тарғиботчиларига чуқур миннатдорлик билдирди.
Гала концертда Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Анвар Ғаниев, Нилуфар Саидова, Дилфуза Раҳимова, Қурсия Эсонова, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Каримбой Раҳмонов, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари Исроил Саидумаров, Ирода Искандаров, Ёдгор Мирзажонов, эстрада хонандалари Сардор Мамадалиев, Мухлис Бердиев, Кумуш Мўминова ва бошқа санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар барчага бир олам қувонч бағишлади.
Томошабинларни рақсга чорлаб, тинч, обод ва тўкин Ватанда аҳил, иноқ яшаётганидан фахр-ифтихор туйғусини янада мустаҳкамлади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА