Фермер ери аукционга чиқарилди
Сирдарё туманида солиқ қарзини ундириш бўйича ижро ҳаракатлари доирасида “Малик” фермер хўжалигига тегишли қишлоқ хўжалиги ер майдони хатланди ва уни электрон онлайн-аукционга чиқариш чоралари кўрилмоқда.
Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё туман бўлими томонидан ўтказилган амалий тадбирлар давомида мазкур фермер хўжалигининг давлат бюджети олдида 55,4 миллион сўм солиқ қарзи мавжудлиги аниқланган. Қарз узоқ вақт давомида тўланмагани сабабли, қонунчиликда белгиланган тартибда ер майдонига нисбатан ижро чораси қўлланилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 мартдаги “Солиқ қарздорлиги мавжуд бўлган, шунингдек сурункали равишда солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўламай келаётган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида ер ижара ҳуқуқларини қайта кўриб чиқиш ҳамда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида сурункали қарздор фермер хўжаликлари бўйича тизимли назорат ва чоралар амалга оширилмоқда.
Мутасаддилар маълум қилишича, хатланган ер майдони қонунчиликка мувофиқ электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади. Олинган маблағлар солиқ қарзини қоплашга йўналтирилади.
Таъкидланишича, бу каби ижро ҳаракатлари солиқ интизомини мустаҳкамлаш, қарздорликни қисқартириш ҳамда ер ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида изчил давом эттирилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири