Фермер аёллар – қишлоқ хўжалиги таянчи
Наманган вилоятида бугунги кунда жами 6 минг 983 фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Шундан 119 нафар аёл пахта-ғалла йўналишидаги фермер хўжаликларига раҳбарлик қилмоқда. Уларнинг аксарияти кўп йиллик тажрибага эга бўлиб, замонавий агротехнологияларни ўзлаштириш орқали юқори натижаларга эришиб келмоқда. Ҳозирга қадар 26 нафар аёл фермер “Илғор фермер” кўкрак нишони билан тақдирлангани ҳам жонкуяр опа-сингилларимизнинг меҳнатига берилган муносиб баҳо.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва хотин-қизларнинг тадбиркорлик ҳамда фермерликдаги фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Наманганда Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ташаббуси билан ўтказилган “Аёллар бошқараётган фермер хўжаликларида янги инновациялар билан самарадорлик ва даромадни ошириш йўллари” мавзусидаги минтақавий амалий семинар ҳам айни шу мақсад ижросига қаратилди.
Ушбу амалий анжуманда Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида фаолият юритаётган фермер аёллар, Фермерлар кенгаши мутасаддилари, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Ўзаро тажриба алмашиш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва инновацион ёндашувларни оммалаштиришда муҳим майдон вазифасини ўтаган тадбирда иштирокчилар даставвал Тўрақўрғон туманида жойлашган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Ифтихор кийим саноат” кластерида бўлиб, пахта хомашёсини қайта ишлаб чиқариш фаолияти билан яқиндан танишди.
Наманган вилояти Фермерлари кенгаши раиси Носиржон Қаюмов ўз сўзида аёл фермерларнинг меҳнати нафақат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда, балки қишлоқ аҳолиси бандлиги ва фаровонлигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Қайд этилганидек, Наманган вилоятида бугунги кунда жами 6 минг 983 фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Шундан 119 нафар аёл пахта-ғалла йўналишидаги фермер хўжаликларига раҳбарлик қилмоқда. Уларнинг аксарияти кўп йиллик тажрибага эга бўлиб, замонавий агротехнологияларни ўзлаштириш орқали юқори натижаларга эришиб келмоқда. Ҳозирга қадар 26 нафар аёл фермер “Илғор фермер” кўкрак нишони билан тақдирлангани ҳам жонкуяр опа-сингилларимизнинг меҳнатига берилган муносиб баҳо.
Анжуман қатнашчилари танишган “Ифтихор кийим саноат” кластери Наманган вилояти саноатида алоҳида ўрин тутиб, бу ерда “хомашёдан маҳсулотгача” тамойили асосида иш ташкил қилиниб, пахта хомашёсини етиштиришдан тортиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнлар бажарилади.
[gallery-30676]
Умумий лойиҳа қиймати 185 миллион еврога тенг мазкур текстиль-тўқимачилик корхонасининг биринчи ва иккинчи босқичлари ишга туширилган бўлиб, айни вақтда уларда жами 2 мингдан зиёд ишчи-ходимлар меҳнат қилмоқда.
Жамият иш бошқарувчиси Диёрбек Ортиқовнинг қайд этишича, жорий йилнинг биринчи ярмида кластер томонидан 10 минг тонна калава ип ишлаб чиқарилди. 700 мингга яқин эркаклар ва аёллар кийимлари тикилди. Натижада, Германия, Польша, Туркия, Миср, Хитой ва Россия давлатларига жами 10 миллион долларлик маҳсулотлар сотилди. Пировардида, экспорт салоҳияти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 50 фоизга ошди.
Кластер томонидан Наманган вилоятининг Норин, Уйчи, Учқўрғон, Мингбулоқ ва Тўрақўрғон туманларидаги 400 дан зиёд фермер хўжаликлари билан тузилган фьючерс шартномалари асосида пахта хомашёси қабул қилинмоқда.
“Ифтихор кийим саноат” кластери раҳбари, “Дўстлик” ордени соҳиби, сенатор Анна Добрих янги “оқ олтин” мавсумида алоҳида жонбозлик кўрсатадиган фермер хўжаликлари раҳбарлари муносиб рағбатлантирилиши, хусусан, Умра зиёратига жўнатилишини таъкидлади.
Анжуман дастури доирасида навбатдаги манзил Учқўрғон туманининг қўшни Қирғиз Республикаси билан чегарадош бўлган Янгиер қишлоғида жойлашган “Гулхумор” кўп тармоқли фермер хўжалиги бўлди.
Шижоатли фермер, “Дўстлик” ордени ва “Шуҳрат” медали билан мукофотланган, 70 ёшни қарши олган Гулхумор ая Тоғаева раҳбарлигидаги минг гектардан зиёд хўжаликда 1 минг 115 нафар ишчининг саъй-ҳаракатлари билан ғалла, пахта, интенсив боғдорчилик, мева-сабзавотчилик, иссиқхона ва балиқ етиштирилиб, шартномавий режа ортиғи билан адо этилиб, салмоқли ютуқларга эришилмоқда.
Хўжалик қошидаги тикувчилик ва нон ишлаб чиқариш цехлари аҳоли фаровонлиги, хусусий шифохона саломатликни мустаҳкамлаш, халқаро хорижий тилларга ихтисослашган мактаб интернати ёш авлодга пухта билим бериш, сузиш ҳавзаси ва спорт мажмуаси аҳолининг соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилмоқда.
– Гарчи 70 ёшни қарши олган бўлса-да, ёшлардан асло қолишмайдиган ғайрат-шижоатга эга бўлган матонатли фермер Гулхумор опанинг “Даладан – хирмонгача, маҳсулотдан – экспорт ва дунё миқёсигача” тамойили асосидаги интилишларига қойил қолиб, ҳавас қилдик, – дейди семинар иштирокчиларидан бири, Андижон вилоятининг Олтинкўл туманидаги “Обод водий саховати” фермер хўжалиги раҳбари Зебохон Турдиалиева. – Дарҳақиқат, аграр тармоқдаги бундай интилишлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг юқори ҳосилдорлиги ва сифатини таъминлаш, аҳоли учун барқарор иш ўринларини яратиш, замонавий технологиялар ва инновацион ёндашувларни ошишига хизмат қилади. Анжумандан келиб чиққан ҳолда, пахта ва ғаллачиликдаги йўналишимни келгусида чорвачилик ҳисобига кенгайтиришга аҳд қилдим.
Анжуманда Наманган вилоятимиздаги илғор аёл фермерлардан Учқўрғон туманидаги “Гулхумор” фермер хўжалиги раҳбари Гулхумор Тоғаева, Уйчи туманидаги “Барногул Зиё Файз” фермер хўжалиги раҳбари Раънохон Қориева, Мингбулоқ туманидаги “Мукаддас замин саховати” фермер хўжалиги раҳбари Ферузахон Мирмахмудова каби ташаббускор раҳбарлар алоҳида эътироф этилди. Ушбу фермер хўжаликлари ўтган мавсумда пахтадан ўртача 45-50 центнер, жорий йилда эса ғалладан 80-90 центнергача ҳосилдорликка эришгани мамнуният билан таъкидланди. Бинобарин, бундай кўрсаткичлар илм-фан ютуқлари ва илғор агротехнологияларни амалиётга татбиқ этиш натижасидир.
– Бугунги кунда фермер хўжаликларида самарадорликни оширишнинг энг муҳим омили инновацион ёндашув ҳисобланади. Инновация, деганда фақат янги техника эмас, балки ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий этиш ва бозор талабига мос маҳсулот етиштириш тушунилади, – дейди Ўзбекистон Фермерлари кенгаши бўлим бошлиғи Барнохон Мирзамова. – Аёллар бошқараётган фермер хўжаликларида даромадни ошириш учун бир қатор йўналишлар муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, сув тежовчи технологиялари – томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларини кенг жорий этиш, юқори ҳосилдор ва иқлим ўзгаришига чидамли навлардан фойдаланиш, минерал ўғитлар ва кимёвий воситаларни агрокимёвий таҳлил асосида қўллаш, дронлар, “GPS” ва рақамли мониторинг тизимларидан фойдаланиш орқали ер майдонларини назорат қилиш; қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, қадоқлаш ва брендлаш орқали қўшимча қиймат яратиш, электрон савдо платформалари ва экспорт бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш, фермерларнинг доимий билим ва малакасини ошириш, хорижий тажрибаларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Мазкур йўналишда жорий йил бошида Мингбулоқ туманидаги икки нафар аёл фермер – Ферузахон Мирмахмудова ва Гулсара Жўраева Хитой Халқ Республикасида бўлиб, пахтачилик ва ғаллачилик соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганиб қайтди. Бундай тажрибаларни фермерлар ўртасида оммалаштириш юқори иқтисодий самара беради.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, инновацион технологияларни босқичма-босқич жорий этиш орқали ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, ҳосилдорликни ошириш ва фермер хўжаликларининг даромадини сезиларли даражада кўпайтириш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, аёл фермерлар нафақат муваффақиятли раҳбар, балки қишлоқ хўжалигида инновациялар ташаббускори ҳамдир. Уларга замонавий билим, илғор технологиялар, молиявий қўллаб-қувватлаш ва тажриба алмашиш имкониятларини янада кенгайтириш орқали вилоятимизда қишлоқ хўжалиги самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиш мумкин.
Зотан, илмий-амалий семинарда билдириладиган таклиф ва тавсиялар аёллар бошқараётган фермер хўжаликларида инновацион ривожланишни янада жадаллаштиришга туртки бериши шубҳасиз.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА мухбирлари