“Fazman textile” бренди Европани забт этди (+видео)
Туркияда тўқимачилик, Бангладешда тикувчилар, Японияда кулоллар, Италияда мебелсозлар,Чехияда оёқ кийими ишлаб чиқаришга ихтисослашган шаҳарлар борлигини биламиз. Бугун Наманган улар қаторидан мустаҳкам ўрин олди. Айтишларича, Наманганда расман фаолият кўрсатаётган тикувчилар сони 60 мингдан зиёд экан. Янги йил арафасида иш бошлаган “Fazman textile” МЧЖда ҳозирнинг ўзида 500 киши ишламоқда.
– Корхонанинг умумий қиймати 40 миллион АҚШ доллари бўлиб ҳозирги кунда 20 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилиб иш фаолиятини олиб боряпмиз, – дейди корхона раҳбари, тадбиркор Тоҳир Жўраев.
Корхона ускуналарини монтаж қилиш ишлари давом этяпти ва шу биринчи босқичнинг ўзида яратилган иш ўринлари мингта, иккинчи босқичда эса 3 мингтага етказилади.
– Тўрақўрғон тумани Куймозор қишлоғидан келганман, – дейди тикувчи Ситора Абдукаримова. – Аввал шу ерда тикувчилик касбини ўзлаштирдим. Ҳозирда бизнинг қишлоғимиздан 30 нафар хотин-қиз ишламоқда. Чокларни яхши тикканим учун уни мақташади. Шунинг учунми, янги келганларни менга бириктиришмоқда. Илгари шогирд бўлсам энди устозлик қиляпман.
– Сўнгги йилларда Наманганда ўнлаб йирик ва кичик саноат корхоналари бунёд этилди. Ҳеч шубхасиз, Наманган Ўзбекистон енгил саноатининг пойтахтига айланди. Бугун Европа мамлакатларидаги бозорларда энг машҳур брендлар қаторида Наманганда тикилган маҳсулотлар сотилмоқда.
– Германиянинг Карл Гросс, Дигел каби компаниялари эркаклар костюм шим ва нимчалари учун бир йиллик қувватга етарли буюртма берган. Уларга ва бошқа Европанинг энг талабчан харидорларига янги-янги модельларда тикилган маҳсулотлар юбориляпти.
Яқинда Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида наманганлик тадбиркорларни тилга олиб ўтди. Бу бизга ифтихор ва кучимизга куч берди, – дейди Тоҳир Жўраев. – Биз, давлатимиз раҳбарининг ишончини албатта оқлаймиз.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган очиқ сиёсат, ички инвесторларга ишонч, берилаётган имтиёзлар ҳали у каби юзлаб, минглаб мулк эгаларини кашф этади, йирик-йирик корхоналар бунёд этилади.
Буларнинг барчаси Намангандаги ислоҳотлар тўғри йўлдан, самарали амалга оширилаётганлигини кўрсатмоқда.
<iframe width="2133" height="1013" src="https://www.youtube.com/embed/orwbVW2N1gI" title="“Fazman textile” бренди Европани забт этди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муаллиф Муҳаммаджон Обидов.
Тасвирчи Элёр Олимов.