Фахрийлар эъзозланиб, қаҳрамонлар ёд этилмоқда
Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси тизимида узоқ йиллар самарали хизмат қилган фахрийлар ва хизмат вақтида ҳалок бўлган тинч, тўкин ҳаётимиз посбонлари оила аъзолари ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам совғалари топширилмоқда.
Ана шундай тадбирлар доирасида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Ш.Шадиев раҳбарлигида ИИБ ходимлари истеъфодаги майор Бори Шодиев ва Шомурод Саидқуловлар хонадонида бўлиб, байрам билан табриклашди. Совғалар улашиб, хизмат давридаги хотираларни эслашди.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан ички ишлар идораларида кўп йиллик самарали хизмати ва айни пайтда ёш ходимларни тарбиялашга қўшаётган муносиб ҳиссаси учун Хотира ва қадрлаш куни арафасида истеъфодаги подполковник Абдусаттор Исмаилов “Ички ишлар органларининг фахрий ходими” кўкрак нишони ва истефодаги старшина Норбой Пардаев ички ишлар вазирининг эсдалик қўл соати билан тақдирланди. Фахрийларнинг хонадонида бўлган ИИБ ходимлари уларни байрам билан муборакбод этиб, кўкрак нишон ва эсдалик қўл соатини тантанали топширди.

Ички ишлар идораларида садоқат билан хизмат қилган катта лейтенант Шерали Айтуганов ўз вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган. Унинг халқимиз осойишталиги, қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги хизматларини ҳамкасблари чуқур эҳтиром билан ёдга олади. Вилоят ИИБ ходимлари мард, қўрқмас Шерали Айтугановнинг оила аъзолари билан учрашиб, Ватанга содиқ ИИБ ходимининг ибратли ҳаёт йўлини ёдга олишди. Бошқарма бошлиғининг совғалари топширилди.

Ўзаро суҳбатлар чоғида хабар олинган хонадонлар соҳибу соҳибаларининг яшаш шароити, соғлиги, муаммо ва таклифлари тингланиб, уларнинг ечимини топиш чоралари кўрилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири