Фавворалар сайлгоҳи иш бошлади
Бугун мустақиллигимизнинг қутлуғ йигирма саккиз йиллиги байрами кўп минг кишилик Навоий кон-металлургия комбинати ва унинг бўлинмаларида ҳам ўзига хос кўтаринкилик, меҳнат зафарлари ва совғалар билан қарши олинмоқда.
Бугун мустақиллигимизнинг қутлуғ йигирма саккиз йиллиги байрами кўп минг кишилик Навоий кон-металлургия комбинати ва унинг бўлинмаларида ҳам ўзига хос кўтаринкилик, меҳнат зафарлари ва совғалар билан қарши олинмоқда.
Бу муваффақиятлар куни кеча Зарафшон шаҳридаги “Олтин водий” маданият саройида Марказий кон бошқармаси ва бўлинмалари, Зарафшон қурилиш бошқармаси, “Агама” тўқув-трикотаж фабрикаси, заргарлик буюмлари заводи илғорлари, жамоатчилик вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тантанали байрам тадбирида ҳам алоҳида эътироф этилди.
Маросимда сўз олган комбинат бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Қ.Санақулов кон-металлургия соҳасида олиб борилаётган улкан ислоҳотлар, қўлга киритилаётган муваффақиятлар, истиқболдаги вазифалар ҳақида ўз фикр-мулоҳаза ва эзгу ниятларини билдирди.
Шундан сўнг бир гуруҳ соҳа илғорларига турли даражадаги “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони, “НКМК фахрийси” унвони ҳамда фахрий ёрлиқлар тантанали тарзда топширилди.
Айниқса, “Олтин водий” маданият саройи яккахон ижрочилари, бадиий жамоалар, шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти Ғуломжон Ёқубов томонидан янграган куй-қўшиқлар мухлисларга хуш кайфият бағишлади.
Шу куни кончи ва металлурглар авлоди истиқомат қилиб келаётган зарафшонликларга муносиб байрам совғаси туҳфа этилди. Жумладан, комбинат томонидан шаҳар марказида барпо этилган фавворалар сайлгоҳининг навбатдаги босқичи фойдаланишга топширилди.
Ушбу аҳоли дам олиш ва маданий ҳордиқ чиқариш маскани, анвойи гуллар, ранг-баранг товланувчи фавворалар ва безаклар жилоси, яратилган бошқа шароитлар барчада ҳавас ва ҳайрат ўйғотди.
Дарвоқе, умумий майдони 2,8 гектарни ташкил этувчи ушбу сайлгоҳни қуриш ишларида Марказий кон бошқармаси, Зарафшон қурилиш бошқармаси, Тошкент шаҳридаги “Генерал Строй” хусусий корхонаси жамоаларининг хизматлари эътирофга лойиқ. Бу мажмуани барпо этишда улар ҳақиқий фидоийлик кўрсатди.
Ҳа, бугун буюк Истиқлол неъматларидан баҳраманд бўлаётган зарафшонликлар беҳад бахтиёр. Улар шундай жаннатмакон юртда яшаётганликларига шукроналар айтмоқда.
Абдумажид ЖЎРАЕВ,
НКМК Матбуот маркази бошлиғи.