Фавқулодда вазиятлар вазирининг ахбороти эшитилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида фавқулодда вазиятлар вазири А.Қўлдошевнинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими фаолияти самарадорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотини эшитиш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган бир қанча йиғилишларда фавқулодда вазиятларни прогноз ва мониторинг қилиш, авария ва техноген ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида аҳолини фавқулодда вазиятлар, кучли зилзилалар ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ табиий офатларда тўғри ҳаракат қилишга тайёрлаш тизимини ривожлантириш борасида муҳим вазифалар ўрин олган.
Кейинги йилларда иқлим ўзгариши оқибатида республика ҳудудида табиий офатлар сони сезиларли даражада ошди. Табиий офатларнинг ўртача сони 2001-2010 йилларда 115 та, 2011-2022 йилларда 126 та ҳолатни ташкил этган.
Глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ вазият сабабли республикада иқлим ўзгаришига мослашув чораларини кўриш ва табиий офатлар билан боғлиқ йўқотишларни камайтириш доимо муҳим вазифа бўлиб қолади.
Шундан келиб чиқиб, қуйи палата мажлисида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими фаолияти самарадорлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан фавқулодда вазиятлар вазири А.Қўлдошевнинг ахборотини эшитиш бўйича қарор қабул қилинди.
М.Комилова,
ЎзА