Фавқулодда вазиятлар бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди
Инсон ҳаёти — энг олий қадрият. Уни асраш, ҳар қандай фавқулодда вазиятнинг олдини олиш, табиий ва техноген хусусиятдаги офатлар оқибатларини имкон қадар тез ва самарали бартараф этиш ҳар қандай жамият учун энг муҳим вазифалардан биридир.
Бугун юртимизда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш ва уларга тезкор жавоб қайтариш тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат раҳбари ташаббуси билан инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, қутқарув хизматларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бугун ўзининг амалий самарасини намоён этмоқда.
Шу маънода, Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида Фавқулодда вазиятлар бўлимининг замонавий, барча зарур шароитларга эга янги биноси фойдаланишга топширилгани айни муддаодир.
Янги иншоотни таъмирлаш, жиҳозлаш ва зарур инфратузилма билан таъминлаш ишларига маҳаллий бюджет ҳамда тармоқ корхоналари маблағлари ҳисобидан қарийб 3,5 миллиард сўм йўналтирилди.

Замонавий бинода ходимларнинг хизмат вазифаларини муносиб шароитларда бажариши учун барча имкониятлар яратилди. Хусусан, шинам ётоқхона, замонавий овқатланиш хонаси, мажлислар зали, кутубхона ва алоҳида хизмат хоналари ташкил этилди.
Янги бинонинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш тизимини янада такомиллаштириш, қутқарувчилар учун замонавий ва қулай хизмат шароитларини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Тадбирда ходимларнинг хизмат вазифаларини янада самарали, тезкор ва сифатли бажаришини таъминлаш мақсадида янги махсус автомашиналар ҳам тантанали равишда топширилди.

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мезони — инсон манфаати. Бу тамойил фавқулодда вазиятлар тизимида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Зеро, қутқарувчи ўз вазифасини қанчалик самарали бажарса, аҳоли хавфсизлиги ҳам шунчалик ишончли таъминланади. Қутқарувчилар учун муносиб хизмат шароитларини яратиш эса, аслида, халқимиз ҳаёти ва осойишталигини асрашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири