Фатма Рембо: Дунёда ёшларнинг сиёсий жараёнларда иштирок этиши учун имконият ва ресурслар етарли эмас
Самарқандда бўлиб ўтаётган Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференциясида иштирок этган Танзания парламенти аъзоси Фатма Рембо қуйидаги фикрларни билдирди:
– Ёш парламент аъзолари бугунги кунда инсон ҳуқуқлари, сиёсий босим, жинсий зўравонлик каби муаммоларга дуч келмоқда.
Яна бир муҳим масала – дунёда ёшларнинг сиёсий жараёнларда иштирок этиши учун имконият ва ресурсларнинг етарли эмаслиги. Бугун дунё парламентларига назар ташласак, 40 ёшгача бўлган парламент аъзолари сони жуда кам эканини кўрамиз. Бунинг сабабларидан бири – ёшларнинг сайловларда иштирок этиши ва парламентга кириши учун зарур имкониятлар етишмаслиги.
Бундан ташқари, ёшларга қарорлар қабул қилинадиган майдонларда ҳам етарлича ўрин берилмаяпти. Бу эса уларнинг сиёсатда фаол бўлиши ва дадил қадам ташлашига тўсқинлик қилиши мумкин.
Шунинг учун биз, ёшлар, аввало ўз салоҳиятимизни ривожлантиришимиз, бошқа ёш парламент аъзоларини қўллаб-қувватлашимиз ва ёшларни қарорлар қабул қилиш жараёнларида фаол иштирок этишга ундашимиз керак.
Сайловларда иштирок этиш имконияти пайдо бўлганда, қўрқмасдан олдинга интилишимиз зарур. Биз бир-биримизни ҳимоя қилишимиз ва қўллаб-қувватлашимиз керак. Чунки биз нафақат бугунги, балки келажак авлод учун ҳам масъулмиз.
Танзания Парламентлараро иттифоқнинг 153-Ассамблеясига мезбонлик қилади. Танзания вакили сифатида барчангизни ушбу тадбирга таклиф қиламан. Айниқса, ёш парламент аъзоларини юртимизда кутиб олишдан мамнун бўламиз.
Н.Абдураимова,
ЎзА