Фарзандлари таъминотидан қочган ота нонвойхонада топилди
МИБ ходимлари Наманган шаҳридаги бозорда жойлашган нонвойхонага бу сафар нон харид қилиш учун эмас, балки бир неча йилдан буён ўз фарзандларининг моддий таъминотидан бўйин товлаб келаётган отани излаб боришди.
Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор қидирув тадбирлари давомида алимент тўловларидан қарздор фуқаро нонвойхонада эканлиги аниқланди.
Қидирув тадбирининг манзили оддий нонвойхона. Аммо бу ердаги “кунлик юмуш”дан кўра муҳимроқ масала бор эди. Гап ўз фарзандларининг таъминоти учун белгиланган алимент мажбуриятини бажаришдан қочиб юрган ота ҳақида кетмоқда.
Мажбурий ижро бюроси ходимлари қарздорнинг турган жойини аниқлаб, уни ижро иши доирасида белгиланган тартибда олиб бориш чораларини кўрдилар.Қарздорлик 31 млн сўмни ташкил этган.
Алимент шунчаки қарз эмас. Бу фарзанднинг кундалик эҳтиёжи, кийими, таълими, озиқ-овқати ва келажаги билан боғлиқ мажбурият. Шунинг учун фарзанд таъминотидан бўйин товлаш — мажбуриятни “кейинга қолдириш” эмас, балки боланинг ҳаққини кечиктиришдир.
Мазкур ҳолат яна бир бор алимент тўловларини ўз вақтида амалга ошириш, ижро ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя қилиш зарурлигини кўрсатади.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА