Фарзандлар соғлом муҳитда вояга етсин!
Ҳар томонлама тараққий этган, иқтисодиёти гуллаб-яшнаётган мамлакатларга ҳавас қиламиз, чунки бундай юртлар фуқаролари ўзига тўқ.
Улар табиий ресурслардан бошқаларга нисбатан эркинроқ баҳраманд бўлади, истеъмол даражаси юқори. Бинобарин, истеъмол занжири шундай давом этишига қараб баҳоланса, бой мамлакатлар аҳолиси кўпроқ экологияга зарар келтиради, атроф-муҳитни ифлослантиради. БМТ Болалар фондининг “Инноченти” тадқиқотлар маркази тайёрлаган ҳисобот маърузасида айнан шу ҳақда гап борган.

Ҳисоботда айтилишича, Финландия, Исландия, Нидерландия ва Норвегия ҳаёт кечириш даражаси юқорилиги бўйича дунёда олдинги ўринларда туради. Демак, бу мамлакатларда соғлом экологик шароит яратилган. Истеъмол аъло даражада экан, чиқинди чиқариш бўйича ҳам айнан шулар саф бошида. Ушбу мамлакатларда, айниқса, электрон чиқинди сўроқсиз кўчага улоқтирилмоқда, атмосфера ис гази билан тўлиб, глобал экологияга катта зарар келтиряпти.
«Чиқинди миқдори ортиб бориши атроф-муҳитга зарар етказяпти, табиий захира камайиб бориши болаларнинг жисмоний ва руҳий соғлиғига сезиларли салбий таъсир қилмоқда, сайёрамиз ҳаётига таҳдид солмоқда. Ҳозир табиий муҳитни ҳимоя қиладиган сиёсат олиб бориш жуда долзарб, чунки фарзандларимиз, умуман, келажак авлод соғлом вояга етишида атроф-муҳит тозалиги энг муҳим омил», – дейди ЮНИСЕФ «Инноченти» тадқиқотлар бўлими директори Гунилла Олссон.
Тасавувур қилинг: 2019 йил сайёрамизда 53,6 миллион тонна электрон чиқинди ахлатхонага ташланган.

ЮНИСЕФ экспертлари Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо 39 мамлакат ҳамда Европа Иттифоқида болалар учун соғлом атроф-муҳитни таъминлаш бўйича олиб борилаётган сиёсат ва чора-тадбирларни таҳлил қилишди. Ҳаво сифатини зарарловчи чиқинди, пестицид ва қўрғошиндан кенг кўламда фойдаланиш, электрон чиқинди кўлами ва утилизация кўрсаткичи тадқиқ қилинди.
Маъруза муаллифлари тадқиқотдан кейин кўплаб бой мамлакатларда ҳаддан зиёд истеъмол болалар учун носоғлом ва хавфли экологик шароитни юзага келтирмоқда, дея якдил хулосага келишди.
Экспертлар ҳисоблашича, бутун дунё аҳолиси Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига кирувчи 39 мамлакат ва Европа Иттифоқи даражасида истеъмол қилиши учун инсониятга Ерга ўхшаган яна 3,3 та, ҳамма Канада, Люксембург ва АҚШ аҳолисидек истеъмол қилиши учун эса Ерга ўхшаган яна бешта сайёра керак бўларкан.

Умуман, барча бой мамлакатлар болалар учун соғлом атроф-муҳитни таъминлашга қодир эмас, лекин айримлари ривожланишнинг анчайин “яшил” стратегиясини танламоқда ва келажак авлодга камроқ зарар етказмоқда.
Масалан, Испания, Ирландия ва Португалияда болалар нисбатан соғлом шароитда вояга етмоқда. Ушбу мамлакатлар глобал миқёсда атроф-муҳитга кўп зарар келтираётгани йўқ.
Финландия, Исландия ва Норвегия фарзандларини соғлом атроф-муҳит билан таъминлаш рейтингининг учинчи пағонасини эгаллади, бироқ умуман олганда, ушбу мамлакатлар электрон чиқинди кўп чиқаргани ва истеъмол даражаси юқори бўлгани учун дунёда энг қуйи позицияни эгаллаб келмоқда.
Австралия, Бельгия, Канада ва АҚШ аҳоли жон бошига ҳисоблаганда энг кўп CO2 ва электрон чиқинди чиқариш ҳамда ресурсларни истеъмол қилишда бошқалардан олдинда бормоқда. Бу мамлакатлар болалар учун соғлом атроф-муҳит яратиш бўйича ҳам қуйи пағонада.

“Кўпгина бой мамлакатлар нафақат ўз ҳудудаги болалар учун соғлом атроф-муҳитни таъминлай олмаяпти, балки дунёнинг бошқа қисмларида ҳам атроф-муҳит емирилишига “ҳисса” қўшмоқда”, – дейди Олссон.
Унинг қўшимча қилишича, айрим ҳолларда бой мамлакат болалари учун уйда соғлом атроф-муҳитни таъминлаяпти, лекин, жумладан, электрон чиқинди жўнатиш йўли билан бошқа мамлакатларда экология емирилишига катта ҳисса қўшмоқда.
Маърузада келтирилишича, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига кирувчи 39 мамлакатдаги 20 миллиондан зиёд боланинг қон таркибида қўрғошин даражаси меъёрдан юқори. Шуни унитмаслик керак, қўрғошин инсон соғлиғи учун энг хавфли моддалардан ҳисобланади.
Аксарият болалар зарарланган ҳаводан кўчада ҳам, уй ичида ҳам бирдек нафас олади. Масалан, Мексика ҳаво ифлосланиши сабабли энг кўп йўқотилган соғлом ҳаёт кўрсаткичи бўйича дунё мамлакатлари орасида биринчи ўринда бормоқда. Яъни, бу мамлакатда айни кўрсаткич ҳар минг болага 3,7 йилни ташкил этади. Бу борада энг паст кўрсаткич 0,2 йил билан Финландия ва Японияга тегишли.
Бельгия, Чехия, Исроил, Нидерландия, Польша ва Швейцарияда ҳар йигирма боланинг бири пестицид билан зарарланган. Бу саратон, болалар лейкемияси ҳамда асаб, юрак-қон томири, овқат ҳазм қилиш, репродуктив, эндокринли, қон билан боғлиқ ва иммун тизимидаги муаамолар билан боғлиқ хасаталикларни келтириб чиқаради.

Хулоса сифатида маъруза муаллифлари болаларнинг соғлом вояга етиши учун давлатларни атроф-муҳит ҳимояясига қаратилган чора-тадбирларни янада фаоллаштиришга чақирмоқда. Бунинг учун, ўз-ўзидан маълум, ҳавога зарарли чиқинди чиқаришни камайтириш, ҳаво ва сув сифатини ошириш зарур. Демак, барча мамлакатлар ҳукумати экологияга зарар келтириши мумкин бўлган ҳар қандай қарорни қабул қилишда болалар талабини ҳисобга олиши керак.
Интернет материаллари асосида
С.Раҳимов тайёрлади.
ЎзА