Аҳолининг статистик регистри шакллантирилади
Президент фармони билан Ўзбекистонда статистикани ривожлантиришнинг янги даври бошланмоқда. Аҳоли ва қишлоқ хўжалиги маълумотларини бошқариш тизими тубдан ўзгаради. Бу нималарни англатади?
“Статистикани ривожлантириш – 2030” миллий стратегиясини тасдиқлаш ҳамда рўйхатга олиш маълумотларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
2026 йил 10 сентябрда қабул қилинган фармонга кўра, 2027 йил якунига қадар аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижаларидан фойдаланган ҳолда Миллий статистика қўмитасида (Қўмита) аҳолининг статистик регистрини шакллантириш ва қуйидаги шартларни таъминлаш орқали аҳоли сонини ҳисоблаш ва эълон қилиб бориш амалиёти жорий этилади.
Давлат органларининг аҳолига оид маълумотлар базалари ўзаро мувофиқлаштирилади ва маълумотларни доимий янгилаб бориш учун аҳолининг статистик регистрига интеграция қилинади.
Аҳолининг статистик регистри “Киберхавфсизлик маркази” ДМ томонидан киберхавфсизлик талабларига мувофиқлик юзасидан экспертизадан ўтказилиб, тегишли хулоса олинганидан сўнг амалиётга жорий этилади ва ахборот тизими хавфсизлиги доимий тартибда мониторинг қилиб борилади.
Аҳолининг статистик регистридан алоҳида рухсат берилган ходимлар томонидан фақат статистик мақсадларда жамланма статистик маълумотларни шакллантириш учун фойдаланилади. Бунда мазкур регистрда юритиладиган индивидуал маълумотлардан давлат органлари ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахслар томонидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигининг статистик регистри шакллантирилади ва ундаги маълумотларнинг доимий равишда янгилаб борилиши таъминланади.
Шербек Исломов, ЎзА