Фарзанд камолотида ота-онанинг роли
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни
Ижтимоий тармоқларда кенг мунозараларга сабаб бўлаётган бир хабар эътиборимни тортди.
– Маслаҳатингиз керак, – дея ижтимоий тармоқ орқали мурожаат қиларди она. – 8 ёшли фарзандимни ҳеч бир фойдали машғулотга қизиқтира олмаяпман.Турли тўгаракларга бериб кўрдик. Икки марта боргач, шу машғулотдан бош тортади. Ўзидан қизиқишларини сўрадик. Унинг хоҳиш-истакларини инобатга олиб, спортнинг таэквондо турига бердик. Бир ҳафта қатнагач, бу машғулотдан ҳам зерикди. Турмуш ўртоғим билан хавотирга туша бошладик. Нима қилсак, фарзандимиздаги қизиқишларни тўғри англаймиз?
Буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳам боланинг камол топишида тарбиянинг кучи ва қудратига алоҳида эътибор қаратган. Тарбия натижасида боланинг етук инсон бўлиб ўсишига ишонган. Болани жуда кичик ёшидан бошлаб тарбияламоқ зарур. Тарбия инсонга ўзида яхши одат ва фазилатлар ҳосил қилишга ёрдам беради. Одам шахси кишилар билан муносабатда, айниқса, кишиларнинг бир- бирларига бўлган руҳий-маънавий таъсирлари натижасида таркиб топади, деб уқтиради донишманд.
Абдулла Авлонийнинг «Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ»китобида «Аллоҳ таоло инсонларни асл хилқатда истеъдод ва қобилиятли, яхши билан ёмонни, фойда билан зарарни ,оқ билан қорани ажратадиган қилиб яратган. Лекин инсондаги бу қобилиятни камолга етказиш – тарбия билан бўлур» – дейилган. Фарзандга тўғри тарбия бериш эса оиладан бошланади.
Оилада фарзандларнинг ҳар томонлама камол топиши учун маънавий-ахлоқий шароитлар яратилсагина муваффақиятларга эришилади.
– Одатда менга доим қандай қилиб бир вақтнинг ўзида иккала фарзандингиз ҳам Президент мактабига юқори балл билан қабул қилинди? Муваффақиятингиз сири нимада, каби бир хил савол билан мурожаат қилишади, – дейди "International School of Finance and Technology" нодавлат таълим муассасаси инглиз тили фани ўқитувчиси Наргиза Жўраева. – 3 фарзандимнинг таълимини бир ёшга тўлар тўлмасдан бошлаганмиз. Дастлаб «Почемучка» ўқув курсларига бердик. У ердан ўрганганларини уйда такрорлаб, яна ёшига мос қўшимча топшириқлар билан ўйин тариқасида машғулотлар олиб борардик. Фарзандларим 4 ёшида мустақил ўқишни, ёзишни ўрганди. Кейин улар аста-секинлик билан спортнинг шахмат, сузиш каби турлари ва албатта, инглиз тили билан қўшимча шуғулланиб борди. Оиламизнинг асосий бахт калити бу – турмуш ўртоғим билан фарзанд тарбиясида доимо ҳамфикрмиз. Бир-биримизнинг ғояларимизни эшита оламиз ва қўллаб-қувватлаймиз. Оилада бола тарбияси билан ё она, ё ота шуғулланиши керак, деган тушунча йўқ бизда. Фарзанд масъулиятини бирдек ҳис қиламиз. Фарзандимга бирор китобни тавсия қилишдан олдин шу китоб билан аввало ўзим танишиб чиқаман. Ўқиш чоғида қизиқ жойларини тагига чизиб белгилаб кетаман. Дастурхон атрофида тўпланиб турганимиздан фойдаланиб, болаларча завқ билан китобдаги қизиқ, таъсирли жойларини сўзлай бошлайман. Табиийки, фарзандларим воқеанинг давомини ё охирини сўрайди. Шунда уларга яхшиси шу китоб билан бир танишиб чиқишни маслаҳат бераман. Фарзандларим қайси соҳага қизиқишини 5- синф чоғларида белгилаб олдик. Унгача улар деярли ҳамма соҳани танлаб чиқди. Соҳа танлашда психологик тестлар, уларнинг истаклари ва албатта катталарнинг маслаҳатлари билан бир тўхтамга келганмиз. Энди фарзандларимизнинг қайси йўналишда ўқишини чуқурлаштирган ҳолда давом эттиришда бизда муаммо қолмади...
Ота-она фарзанди бирон натижага эришгунича, албатта, рағбатлантириб турмоғи зарур. Бу рағбат моддий бўлишидан кўра, маънавий бўлмоғи ёшгина толиби илмга жуда муҳим ҳисобланади. – 9 фарзанднинг онасиман, дейди 88 ёшли онахон Улуғой Алимова. – Уларнинг барчаси олий маълумотли бўлиб, жамиятда ўз ўрнига эга бўлди. Ҳар бири ўз соҳасида турли муваффақиятларга эришди. Турмуш ўртоғим мактабда она-тили фанидан дарс берарди.Тарбия масаласида жуда қаттиққўл эди раҳматли. Фарзандларим то вояга етгунига қадар отаси билан эҳтиёткорлик билан гаплашарди. Аммо фарзандларимиз мактабда бирор юқори натижага эришса, албатта, турмуш ўртоғим кечки пайт оила даврасида уларнинг бошини силаб, кичик совғалар билан рағбатлантириб туришни канда қилмаган. Болаларим учун отасидан совға олишдан ҳам кўра, қаттиққўл отанинг меҳрини қозониш муҳим эди. Отасидан рағбат эшитган куни уларнинг кўзлари ўзгача порлаб, ўз ишига янада масъулият билан ёндашарди. Бугун қайси даврага кирар эканман, фалончининг онаси, деган эътирофлар қулоғимга чалинади. Бундан фақат фахр ҳисси туяман.
Дунёда фарзанди одобли бўлишини истамаган ота-она йўқ. Хўш, болани қандай қилиб одобли қиламиз? Бунинг учун энг олдин ота-онанинг ўзи тарбияли бўлиши керак. Ахир, инсон ўзида йўқ нарсани бошқага беришининг имкони йўқ!
– Бола ўзи мустақил равишда қарор қабул қилишни ўргана бошлагач ўзини англай бошлайди, – дейди психолог Д.Раҳимова. – Агар ота-она ҳаётга бўлган қарашларини болага сингдира бошлашса, у бировнинг фикрига тобе, ўз мустақил фикрига эга бўлмаган шахсга айланиб қолиши мумкин. Агар бола тазйиқларсиз ўз реал ҳаётини ярата олса, ўз ҳаётининг ижодкорига айланиб боради. Ота-онанинг вазифаси болага ўзиникини сингдириш, уқтириш эмас, боласидаги қобилият ва қизиқишларни сезиб, шуни ривожлантиришга замин яратишдир. Ўз ҳаётини ўз қизиқишлари асосида қурган болагина келажакда бахтли яшаши мумкин. Фарзанд тарбиясида энг муҳим омиллардан бири эр ва хотиннинг ҳамкорлигидир. Аёл ўз табиатидан келиб чиқиб ўзига юклатилган масъулиятни адо этиш билан бирга, фарзанд тарбияси билан машғул бўлади. Шунингдек, эр ҳам ўзига юклатилган масъулият, яъни оиласини ҳар жиҳатдан таъминлаш билан бирга, фарзанд тарбияси билан машғул бўлади.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, мустаҳкам маънавий иммунитетли, ўзининг фикрларини равон айта оладиган, юқори марраларга эришувчан авлодни тарбиялаш учун ота-она, оила муҳити жуда катта аҳамият касб этади. Ҳеч кимга сир эмас, инсоннинг қалби ва онгини эгаллаш, айниқса, ёшларнинг маънавий дунёсини заҳарлашга қаратилган турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган бугунги кунда ўзининг кимлигини, қандай бебаҳо мерос ворислари эканини теран англаб, она юртга муҳаббат ва садоқат ҳисси билан яшайдиган, имон-эътиқоди мустаҳкам авлодгина муқаддас заминимизни ёт ва бегона таъсирлардан, бало-қазолардан сақлашга, Ватанимизни ҳар томонлама равнақ топтиришга қодир бўлади.
Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихи, Ватани, она тилига, миллати, динига ва анъаналарига содиқ бўлиб камол топсин.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА