Фарход Каримов: Вақт синовидан ўтган ҳамкорлик янги имкониятларга йўл очмоқда
Корея Республикаси Марказий Осиёни нафақат истиқболли бозор ва стратегик минерал ресурслар манбаи, балки ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш, янги ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш ҳамда юқори технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим йўналиши сифатида ҳам кўради.
Сеулнинг минтақамизга нисбатан сиёсатида Ўзбекистон алоҳида ўрин тутади. Ўттиз йилдан ортиқ давом этаётган дипломатик муносабатлар мобайнида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик асосан савдо ва инвестицияларга таянган алоқалардан саноат кооперацияси, рақамли трансформация, таълим, энергетика ва илғор технологияларни қамраб олган алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
ЎзА “Дунёга назар” таҳлилий дастурида сиёсий фанлар доктори, профессор Фарход Каримов Ўзбекистон – Жанубий Корея муносабатларининг тарихий асослари, бугунги салоҳияти ва истиқболлари хусусида фикр билдирди.
– Жанубий Корея – Ўзбекистон муносабатларининг ўзига хос жиҳати шундаки, уларнинг мустаҳкам пойдевори мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ яратилган. Ўша даврда Ўзбекистонда йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш борасида халқаро ишонч ҳали тўлиқ шаклланмаган эди. Шундай шароитда Жанубий Корея мамлакатимизга катта қизиқиш билдирган кам сонли давлатлардан бири бўлди.
Хусусан, Ўзбекистонда автомобиль саноатининг шаклланиши ва бошқа йирик лойиҳаларнинг амалга оширилишида Кореянинг иштироки муҳим аҳамият касб этди. Шу нуқтаи назардан, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар тарихий жиҳатдан мустаҳкам асосга эга.
Таъкидлаш керакки, ҳамкорлик фақат иқтисодиёт билан чекланиб қолмади. Ижтимоий ва таълим соҳаларида ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилди. Ахборот технологиялари йўналишидаги ҳамкорлик, шунингдек, Кореянинг нуфузли олий таълим муассасалари филиалларининг юртимизда очилиши ўзаро муносабатлар ишонч ва манфаатлар муштараклигига асосланганини кўрсатади.
Бугун жаҳон сиёсати ва халқаро муносабатларда беқарорлик кучайиб бораётган бир шароитда бундай вақт синовидан ўтган муносабатларнинг аҳамияти янада ортади. Энди олдимизда уларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш вазифаси турибди.
Жанубий Корея улкан илмий-технологик ва молиявий салоҳиятга эга давлат. Шу боис унинг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон билан ҳамкорлигини кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжуд. Бугун халқаро ҳамжамият томонидан Марказий Осиёга истиқболли ва ривожланаётган бозор сифатида қизиқиш ортиб бормоқда. Табиийки, Жанубий Корея ҳам ушбу жараёнларда фаол иштирок этишдан манфаатдор.
Бу борада икки давлат ўртасида йиллар давомида шаклланган ишонч ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилади. Чунки Ўзбекистон ва Жанубий Корея турли давр ва шароитларда ҳам яқин ҳамкор бўлиб келган. Ана шу вақт синовидан ўтган муносабатлар келгусидаги ҳамкорлик учун ишончли замин яратади, деб ўйлайман.
Ушбу интервьюни ЎзАнинг “YouTube” каналида кўришингиз мумкин.
Ў.Алимов, И.Исматов (видеомуҳандис),
ЎзА